Ўзбекистон | 12:25 / 07.01.2022
15051
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ниҳоят суд қарорини ижро этадими?

Ҳокимлик тадбиркорга 2 млрд сўм товон пули тўлаши керак – бу борадаги суд қарорини Олий суд ўз кучида қолдирди. Ҳокимлик бу компенсация масаласини салкам 1 йилдан бери чўзиб келяпти.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 1 февралдаги қарори устидан пойтахт ҳокимлиги киритган кассация шикоятини кўриб чиқиб, масала юзасидан сўнгсўзни айтди.

Судлов ҳайъатига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган низомга асосан, ҳокимлик МЧЖга кўрган зарарларининг ўрнини тўла ҳажмда қоплаб бермагани, 0,55 гектар ер майдони ўрнига 0,15 гектар ер майдони ажратилгани, МЧЖга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган 2035 м2 савдо майдони (автосалон) биноси ўрнига тенг қийматда компенсация тариқасида бошқа мол-мулк ёки ер майдони ёхуд пул маблағи берилмаганини инобатга олиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантиришда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда қонуний қарор қабул қилган.

Мазкур қарорда “Tulpor” МЧЖга бузилган мол-мулки учун 2 млрд 21 млн 683 минг сўм товон пули тўлаш белгиланган эди. Бироқ шаҳар ҳокимлиги турли важлар, хусусан, Олий судга кассация шикояти киритиш билан жараённи ортга суриб келаётганди.

Kun.uz бу мавзу борасида дастлаб “12+3=55? Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз вақтида 1 млн доллар бўлган мулк учун товон пулини тўламаяпти” сарлавҳали танқидий-таҳлилий мақола эълон қилган эди.

Кейинроқ, “Бирига қаймоқ, бирига тўқмоқ!” Шаҳар ҳокимлиги товон пули тўлашда икки хил стандартга йўл қўяётган кўринади” сарлавҳали таҳлилий чиқиш қилинди. Унда ҳокимлик айрим тадбиркорлик субъектларига товон пули тўлашда турлича йўл тутаётгани ҳақида сўз боради.

2021 йил 15 декабр санасида “«Булар билан 10 йилдан бери талашяпман». Тошкентда тадбиркор шаҳар ҳокимлигидан товон пулини ололмаяпти” сарлавҳаси билан яна бир мақола эълон қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2020 йил декабрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида 2021 йилнинг охиригача ҳокимликнинг “снос”лар бўйича барча қарзлари қопланишини таъкидлаганди.

Шу йилнинг августида эса Шавкат Мирзиёев ҳокимликлар “снос”лар натижасида 349 нафар тадбиркордан 123 миллиард сўмга қарздорлигини маълум қилиб, ҳудудлар ҳокимларини 1 сентябрга қадар қарздорликлардан қутулиш кераклиги ҳақида огоҳлантирганди.

Молия вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, 2021 йилда “снос”лар учун мулкдорларга 1 триллиондан ортиқ пул тўланган. 2022 йилда давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан тўланадиган компенсациялар учун бюджетдан 500 миллиард сўм ажратилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид