17:56 / 10.01.2022
9234

Ўзбекистонда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони маълум қилинди

Фото: Kun.uz

Бугунги кунда Ўзбекистонда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 27,2 миллиондан ошган, шундан мобил интернет фойдаланувчилари сони 25,3 миллион кишини ташкил этмоқда. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

Шунингдек, жорий йилда Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида йирик маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказлари (data center) қурилади.

Республикада телекоммуникация операторларининг рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича олиб кириладиган телекоммуникация ускуналари ва қурилмаларини, ноутбукларни божхона тўловларидан озод этиш, жалб қилинадиган чет эл кредитлари бўйича давлат кафолатини бериш чоралари кўрилади.

Бундан ташқари, 2022 йилда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришнинг қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди:

  • халқаро маълумотлар узатиш каналининг ўтказувчанлик қобилияти 3,5 маротаба оширилади;
  • 150 минг км оптик толали алоқа линиялари қурилиши ҳисобига маълумотлар узатиш тармоғи кенгайтирилади;
  • халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўлларини мобил алоқа тармоқлари билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш;
  • оптик толали алоқа линиялари барча аҳоли пунктларига етказилиб, уй хўжаликларининг камида 80 фоизи Интернетга кенг полосали симли уланиш имконияти билан таъминланади.

Телекоммуникация операторлари ва провайдерлари 2022 йил 1 январдан бошлаб Интернет жаҳон ахборот тармоғига кенг полосали уланиш тармоқларини лойиҳалаш ва қуришда қуйидагилар назарда тутиладиган бўлди.

  • маъмурий бинолар ва кўп квартирали уйларни камида 1 Гигабит/секунд ўтказувчанлик қобилияти билан;
  • таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа давлат ташкилотларини камида 100 Мегабит/с ўтказувчанлик қобилияти билан таъминлаш.
Top