16:23 / 11.01.2022
8110

Қозоғистонда мансабдорларнинг маошлари беш йилгача оширилмайдиган бўлди

Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг сўзларига кўра, уларнинг ойлик маошлари етарли даражада.

Фото: ТАСС

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев вазирлар, ҳокимлар ва депутатларнинг ойлик маошлари оширилишига беш йиллик мораторий эълон қилди.

"Бюджетга даромадлар тўғрисида сўз борар экан, айрим харажатларни ҳам қайд этмасак бўлмайди. Ҳукумат аъзолари, депутатлар ва албатта, ҳокимларнинг ойлик маошларини айтмоқчиман. Бу масала ўтган йили жамиятда қизғин муҳокама қилинганди", - деди Тўқаев мамлакат қуйи парламентида қилган чиқишида.

"Юқорида эслаб ўтилган давлат хизматчиларининг маошларини етарли деб ҳисоблайман. Шу сабабли ҳукумат аъзолари, ҳокимлар ва депутатларнинг ойлик маошлари оширилишига беш йиллик мораторий эълон қилиш мумкин деб ҳисоблайман", - деди у.

Қозоғистон президенти парламентдагилар бу янгиликни "тушуниш билан қабул қилишлари"га умид билдирди.

"Маъмурий хизматчилар ва бюджет ходимларининг маошларини бюджет имкониятлари ўсишига қараб оширишда давом этамиз", - дея қўшимча қилди у.

Top