07:35 / 13.01.2022
5162

Томорқачиликни ривожлантириш миллий маркази ташкил этилди

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамаси “Тошкент вилоятида томорқачиликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси таъсисчилигида "Томорқачиликни ривожлантириш миллий маркази" МЧЖ ташкил этилди.

Қуйидагилар марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

  • илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш орқали аҳолига томорқа ер участкаларидан йилига камида 3 марта ҳосил олишга эришишга кўмаклашиш;
  • томорқачилик йўналиши бўйича малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш;
  • илғор ютуқлардан фойдаланган ҳолда кўчатчилик, уруғчилик ва наслчиликни ривожлантириш, томчилатиб суғоришни кенг жорий қилиш, муқобил энергиядан фойдаланиш, томорқа ер участкаларида балиқ боқиш учун ҳовузлар ташкил этиш соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш ва бошқалар.

Марказни жойлаштириш учун Янгийўл тумани 1-сон касб-ҳунар мактаби биносининг бир қисми текин фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилди.

Томорқачилик кластери фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида касб-ҳунар мактабининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 1,24 гектар ер участкаси ажратиб берилиши назарда тутилмоқда.

Касб-ҳунар мактабининг мавжуд ўқув йўналишлари доирасида бюджетдан молиялаштириш тизими сақлаб қолинган ҳолда, томорқачилик йўналишини ривожлантириш бўйича малака ошириш курслари ташкил этилади. Мактабда таълим жараёни ва ўқувчиларнинг амалиёти Марказ билан ҳамкорликда ташкил этилади.

Top