16:04 / 13.01.2022
67770

«Ёввойи Арман». Боксчининг қозоқ мафияси етакчисига айланиши тарихи

7 январь куни Қозоғистонда 37 ёшли криминал авторитет, Арман Дикий лақаби билан танилган Арман Жумагелдиев қўлга олинди. Ҳукумат Жумагелдиевни январь ойидаги намойишлар етакчиларидан бири деб атаган, у ўз чиқишларида ватандошларини зўравонликдан тийилишга чақирган бўлса-да, уни талончиликлар уюштириш ва ҳукумат вакилларига ҳужумларда айблашмоқда. Намойишчиларнинг ўзи эса уни етакчи сифатида тан олмаган ва ҳатто калтаклашган.

Фото: Getty Images

Арман Дикий ўзи шундоқ ҳам жиноят оламининг машҳур шахсларидан бири эди. Қозоғистондаги тартибсизликлар пайтида у яна диққат марказига чиқди. Эндигина 37 ёшга кирган йигит бу қадар тезлик билан катта таъсирга эга шахсга айланиши алоҳида тарихга эга.

Боксдан жиноят оламига

Чимкентдаги камбағал оилада туғилган Арман Жумагелдиев болалигидан боксга қизиқади ва бу спорт турида қатор муваффақиятларга эришади. Гарчи гавдаси улкан ва техникаси яхши бўлмаса-да, қайтмаслиги ва чайирлиги билан мураббийлар эътиборини қозонади. У ўз фаолияти давомида 16 та медаль олишга муваффақ бўлган ва уларнинг 10 таси олтин медаллардир. Энг кўзга кўринарли ютуғи – жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритгани бўлган.

Бокс берган ишонч уни аста-секин «кўча» сари етаклайди ва жиноят оламига у кўпчилик қатори ўзаро можаролар (криминал разборкалар) орқали кириб келади. Ҳар қандай тортишувларда бир-икки оғиз сўздан кейин муштини пайдар-пай ишга солиши ва ҳеч кимни аямаслиги туфайли у «Дикий» («Ёввойи») ёки «Бешений» («Қутурган») лақабларини олади.

Криминал авторитетга айланиши

Профессионал боксдан четлашиш ортидан Чимкент кўчаларида саргузашт излаб кезиш ҳам кучаяди. Чапдастлиги туфайли уни бозорлардаги можароларни ечишга, қарз ундирувларида ҳакамлик қилишга чақира бошлайдилар ва аста-секин бу шаҳарда ўзига хос шахс шакллана боради. Арман Дикий номининг ўзиёқ кўчадаги кўп масалалар ечимида калит вазифасини ўтай бошлайди ва Жумагелдиев ўз атрофига тарафдорларини тўплаб, ҳар қандай топшириқни бажаришга тайёр гуруҳ яратади.

Унинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари назарига тушиши илк бор 2003 йилда юз беради. Арман ёки унга тегишли одамлар кўчада икки йигитни дўппослаб, бор-будини шилиб олишда, камига бирининг қорнига ўқ узиб, оғир жароҳат етказишда айбланади. Лекин тергов жуда суст олиб борилади ва негадир судгача етиб бормайди.

Дикийнинг иккинчи бор «хат»га тушиши 2005 йилда юз беради. У пайтлар Жумагелдиев президент Назарбоевнинг фаол тарафдорларидан бири эди ва «миллат отаси»га қарши айтилган ҳар қандай гапга муштлари билан жавоб беришга ўрганганди. Ўшанда «Турист» меҳмонхонаси залида қозоқ мухолифати тадбири бўлиши керак эди. Арман бошлиқ талончилар меҳмонхонага бостириб киришади ва ҳаммаёқни остин-устун қилиб ташлашади. Тадбир иштирокчилари дўппосланади, етакчилар қочиб қолиб, жароҳатсиз қутулишади. Қизиғи, яққол видеолавҳалар, гувоҳлар ва аризаларга қарамай яна Арман «шартли муддат» билан қутулиб қолади ва эркинликда қолаверади.

Жазосиз қолишдан руҳланган йигит кейинги сафар мўлжални катта олиб юборади ва жиддий панд ейди. 2008 йилда у Чимкентнинг энг бой одамларидан бири, «Пиво қироли» Тўхтар Тулешов билан қасдлашади. Можаро сабаби бўйича турли тахминлар келтирилади – кимдир бизнес талашуви деса, яна кимдир Тулешовнинг ўғли ва Арман ўртасидаги зиддият деган фикр билдиради.

Мана шу иккинчи тахмин бўйича айрим маълумотлар бор: Арман дам олаётган ресторанлардан бирига Тўхтар Тулешовнинг ўғли ўз тансоқчилари билан кириб келади ва шовқин кўтаради. Бу Дикийга ёқмайди. Зиддият яккама-якка жангга чиқишга таклиф билан давом этади. Аммо «Пиво қироли»нинг ўғли ўзини у билан муштлашишга лойиқ кўрмайди ва ўрнига чечен тансоқчисини чиқаради. Келишувга кўра Арман ғолиб чиқса, рақибининг тилла соатини олиши керак бўлади. Муштлашув қандай якунлангани номаълум. Лекин Арман ўзини ғолиб ҳисоблайди ва соатни талаб қилади. Тулешов рад этгач, Арман унинг юзини бежаб ташлайди.

Ўғлининг аҳволини кўрган ота ғазабга минади. Маълумотларга кўра, Тулешов яна бир криминал авторитет – Аскар Ерубаевга «масалани зудлик билан ҳал этиш»ни топширади. Арманнинг икки яқин дўсти бир кунда отиб ўлдирилади, унинг ўзи Қирғизистонга қочади ва маълум вақт панада юради.

Орадан ярим йил ўтмай Аскар Ерубаев ва укаси Чимкентда шафқатсизларча отиб ташланади. Қўлга тушган киллер жиноятни ўз бўйнига олган бўлса-да, ҳамма бунинг ортида ким турганини биларди. Ўша йили юртига қайтган Жумагелдиев дарҳол ҳибсга олинади.

Халқаро даражага чиқиш

Қамоқ Арман учун икки томонлама фойдали бўлади. Чимкентда унинг тарафдорлари ва душманлари ўртасида жиддий урушнинг олди олинади. Иккинчи тарафдан, у МДҲ ва қатор бошқа давлатларда катта обрўга эга, Гули лақабли «Қонундаги ўғри» («Вор в законе») Нодир Салифов билан танишади. Гули Арманни ёқтириб қолади ва ўз қаноти остига олади. Гулининг раҳнамолиги остида у тез орада «Қонундаги ўғри» мақомини олиши ва тож кийиши кутилаётганди. Аммо бу мақомни ҳануз эгаллай олгани йўқ. Ҳолатни Арман ҳазил аралаш «Қозоқ элидан ўғрилар эмас, баҳодирлар етишиб чиқади» дея таърифлайди.

Қамоқдан чиққанидан сўнг Жумагелдиев раҳнамоси ин қурган Туркияга йўл олади ва ўша ерда ҳашаматли ҳаёт кечира бошлайди. Интернет орқали шуҳрат қозонишни ўрганади, Instagram'да суратлар жойлаб, обуначиларини кўпайтиради.

Аммо тез орада жуда жиддий вазиятга тушади. Ўзининг қимматбаҳо виллада нишонланаётган туғилган кунида Арман Гули чақирган меҳмонлардан бири – Квежоевич лақаби билан машҳур «Қонундаги ўғри» Гурам Чихладзе билан келишмай қолади ва унинг юзига мушт туширади. МДҲ ва бошқа давлатлар жиноят оламида ўзига хос мақомга эга бўлган Квежоевич учун бу жуда оғир зарба бўлади – у ҳолатни тождор ўғрига қандайдир бир бетайин қўл кўтаргани билан изоҳлайди ва жуда жиддий ўч олишини билдиради. Квежоевич 2020 йил февралида Арманни ва бу ҳолатга йўл қўйган Гулини жазолаш учун 17 нафар киллер билан Туркия ҳудудига кириб келади. Турк махсус хизматларининг ҳушёрлиги билангина улар ҳибс қилинади ва жиддий урушнинг олди олинади. Лекин барибир шу йилнинг ёзида Гули отиб ўлдирилади.

Сиёсат сари қадамлар

Ижтимоий йўналишдаги чиқишлари билан тармоқларда обрў қозонишнинг мазасини тотган Арман пандемия пайтида Қозоғистонга бепул дори-дармонлар юбориб, жуда кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлади. Обуначилари сони кескин кўпаяди, унга атаб шеърлар ёзилади, қўшиқлар куйланади. Қозоқ шоу-бизнеси вакиллари Арман Дикий билан тушган суратларини тарқатиб мақтанишни одат қилишади. Унинг ўзи четдан туриб мамлакатдаги ҳолат бўйича тобора кўпроқ ва жиддийроқ фикр билдира бошлайди.

2022 йил бошида Қозоғистондаги нотинчлик сабаб Арман яна диққат марказига чиқди ва дастлаб намойишчиларни қўллаб-қувватлади. Зудлик билан Қозоғистонга етиб келган Жумагелдиев намойишчилар етакчилигини олишга интилади ва баланд минбарлардан туриб турли чақириқлар айтди. Аммо намойишчилар кўп ҳолатда уни тушунмадилар, эргашмадилар ва ҳатто тўполонда калтакладилар.

Кўп ўтмай намойишлар ҳақиқий тартибсизликлар ва хаосга айланди. «Бу энди тинч намойиш эмас, ҳақиқий бошбошдоқлик ва провокация. Биз 100 йиллик қул бўлдик, бу кетишда мустақиллигимизни бой берамиз ва яна 100 йил қул бўламиз», дея баёнот берди Арман Дикий. Кўп ўтмай Арман Дикий ҳибсга олинди ва унинг ёнидан кўп миқдорда қуроллар топилгани маълум қилинди.

Тошкент билан зиддият

Тасдиқланмаган ва узуқ-юлуқ маълумотларга кўра Арман Дикий ўтган йили келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган криминал авторитетлар билан жуда жиддий можарода уларни дўппослаб, катта маблағни бўйниларига илиб кетган. Аммо бу борада расмий маълумот берилмаган, жиноят олами вакиллари эса одат бўйича ҳолатни ошкор қилмаган.

Албатта, Арман Дикий ўзини халқпарвар ва одил инсон сифатида намоён қилишга ҳаракат қилади ва жиноят оламидаги раҳнамоларини биродарлар деб атайди. Аммо бу олам барибир эзгуликка хизмат қилмаслиги аллақачон исботини топган.

Аброр Зоҳидов

Мавзу
Қозоғистонда газ намойишлари
2 январь куни Қозоғистоннинг Манғистау областида суюлтирилган газ нархи икки бараварга кўтарилганидан норози бўлган қозоғистонликлар оммавий митингга чиқишди ва кейинги кунларда намойишлар бутун мамлакат бўйлаб ёйилди.
Барчаси
Top