Ўзбекистон | 22:00 / 17.01.2022
22019
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик зиёратчилар учун умра тўлови оширилганига изоҳ берилди

Пандемия талаблари, Саудия Арабистонида 15 фоизлик ҚҚСнинг жорий қилиниши ҳамда нарх-наво кўтарилганлиги сабабли ўзбекистонлик умра зиёратчилари учун тўлов миқдори оширилган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси 2020 йил февраль ойига қадар қилинган умра тўлови миқдорига қўшилган қиймат борасида изоҳ берди. Маълум қилинишича, пандемияга қадар тўланган умра тўловларига яна қўшимча тўлов қуйидаги сабаблар туфайли қўшилган:

  • коронавирус пандемияси туфайли меҳмонхоналардаги 4 кишилик хонага 2 нафар зиёратчи, 50 ўриндиқли автобусга 25 киши жойлаштириш каби талаблар ўрнатилган;
  • озиқ-овқат маҳсулотлари махсус қадоқланган ҳолда тарқатилиши ҳамда тиббий хизмат кўрсатишда қўшимча шифокорлар ва махсус дори-дармонлар билан таъминлаш;
  • ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда икки йил аввалги ҳолатга нисбатан нарх-наво кўтарилиши ҳамда Саудия Арабистонида 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи ҳам жорий этилиши туфайли нархлар қимматлаган.

«Иккинчи, табаррук заминда зиёратчи ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, фақат тоату ибодатга сарфлаши учун Макка ва Мадина шаҳарларида Икки Ҳарамга яқин бўлган меҳмонхоналар буюртма қилинди. Масжиди Набавийга яқин бўлган 5 юлдузли «Пулман зам-зам» ва Байтуллоҳ атрофидаги «Жабал Умар» ҳудудида жойлашган 5 юлдузли меҳмонхона олинди. Қиёс учун, олдинги йилларда зиёратчиларимиз Макка шаҳрида Ҳарам масжидидан чамаси 1, 2 км. бўлган меҳмонхонада истиқомат қилишган», — дейилади идора баёнотида.

Шунингдек, Мусулмонлар идораси умра сафарини ташкил қилиш бўйича бир неча ширкат имкониятларини ўргангани, ижтимоий тармоқларда муқобил таклиф билан чиқаётган баъзи ширкатлар эса умра хизматини кўрсатиш учун янгиланган рухсатномага эга эмаслигини маълум қилган.

Баёнотда айтилишича, Ҳаж ёки умра мавсуми тўловлари учун алоҳида ҳисоб рақам очилиб, сарф-харажатлар амалга оширилади.

«Маблағлар банкдаги махсус ҳисоб рақамда сақланади. Маблағлардан муборак сафарга тегишли йўналишлардан бошқа мақсадда фойдаланишга имконият мавжуд эмас. 2020 йил февраль ойига қадар умра учун тўлов амалга оширган, пандемия сабаб бориш истагидан қайтган фуқароларнинг мурожаатига асосан тўловлари қайтариб берилди. Қолган фуқароларнинг маблағлари ўз ихтиёрларига кўра, умра ҳисоб рақамида сақланмоқда», — дейилади Мусулмонлар идораси баёнотида.

Аввалроқ, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси 2022 йил 22 январь куни Умра мавсуми очилишини маълум қилганди.

Биринчи рейс билан пандемиядан олдин, яъни 2020 йил февраль ойи охирига қадар умра зиёрати учун тўловларни амалга ошириб, сафарга бора олмаган фуқаролар юборилиши, лекин улар охирги амалга оширган тўловларидан ташқари қўшимча равишда 4 770 000 сўм маблағ тўлаши маълум қилинган эди.

Мавзуга оид