Жаҳон | 12:04 / 18.01.2022
15892
3 дақиқада ўқилади

The Guardian: Назарбоев Нур-Султонда ва Тўқаев билан музокара олиб бормоқда

Фото: Getty Images

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат пойтахти Нур-Султонда қолган ва амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев билан активлар, даромадлар ва табиий ресурслардан тушган маблағларни қайта бўлишиб олиш ҳақида «аёвсиз музокара» олиб бормоқда. Бу ҳақда The Guardian ўз манбасига асосланиб хабар қилган.

Ғарбдаги давлатлардан бирининг «Қозоғистонда алоқаларига эга бўлган» собиқ амалдори сўзларига кўра, мамлакатда ҳокимият учун кураш давом этмоқда ва «барчаси оғриқсиз якунланишига ҳеч қандай кафолат йўқ». Нашрнинг ёзишича, Тўқаев олдинги президент ва унинг оиласини ҳокимиятдан узил-кесил маҳрум этиш учун репрессив чоралар кўрмоқда.

Газетанинг бошқа бир суҳбатдоши Назарбоевнинг Хитойдалигини айтган. Пекин эса бу каби хабарларни инкор этган. Шунингдек, мазкур тахминга биринчи президентнинг собиқ маслаҳатчиси Ермухамет Ертисбаев ҳам қўшилмаган. «Музокаралар давом этмоқда, аммо барибир Назарбоев эпохаси поёнига етгани аниқ», деган у ва мамлакатдаги намойишлар вақтидаги зўравонликларда «Назарбоев кланидаги реакцион ва консерватив кучлар»ни айблаган.

The Guardian нашрининг ишбилармон доиралардаги яна бир манбаси элитанинг кўплаб вакиллари Тўқаевга садоқат изҳор этишга улгургани ва сиёсиё тозалаш ишлари Назарбоевнинг оиласи ва унинг яқинлари билан чекланишига умид қилаётгани ҳақида айтган.

«Тўқаев — ақлли одам, у мамлакат имижи қанчалик муҳим эканини яхши билади. У оқимга мос ва эҳтиёткорлик билан ҳаракатланади. У пулемётдан отгандек пайдарпай ўқ узмайди, мерганлик милтиғидан аниқ нишонларни уради», дея қўшимча қилган газета суҳбатдоши.

  • 1990–1991 йилларда Нурсултон Назарбоев Қозоғистон ССР президенти бўлган, кейинчалик мустақил Қозоғистон Республикасининг биринчи президентига айланган. 2019 йилда давлат раҳбари лавозимидан кетгач, у давлат бошқарувида кенг  ваколатларга эга бўлган Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини эгаллаганди.
  • Қозоғистондаги норозилик намойишлари бошидан буён Назарбоев оммага кўринмаган ва баёнотлар бермаган. 5 январ куни Қосим-Жўмарт Тўқаев Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимида Назарбоевнинг ўрнини эгаллаганини эълон қилди. Собиқ президент ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Элбошининг матбуот котиби у Қозоғистонда қолгани ва ўз хоҳишига кўра Хавфсизлик кенгаши раҳбарлигини топширганини айтган.
  • Намойишлар ортидан Назарбоевнинг оила аъзолари йирик давлат компаниялари, давлат органлари ва ҳукумат билан алоқадор ташкилотлардаги постларини йўқотди. Қозоғистон биринчи президентининг катта қизи — парламент депутати бўлмиш Дариға — январь ойи охиригача парламент қуйи палатасининг ялпи мажлисларида қатнашишдан бош тортган. Унинг матбуот котиби буни у ковиддан кейинги тикланиш жараёни билан изоҳлаган.

Мавзуга оид