Ўзбекистон | 11:16 / 22.01.2022
8201
2 дақиқада ўқилади

Бир оёқда 4 та спорт тури билан шуғулланадиган Муҳаммаддин

Матонатли ҳамюртларимиз жуда кўп. Биз бугун ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз ҳам бир оёғидан ажралганига қарамай, бирйўла 4та спорт тури: футбол, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, енгил атлетика ва стол тенниси билан мунтазам шуғулланади.

32 ёшли Муҳаммаддин Туржанов Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳрида яшайди. У 14 ёшида чап оёғидан айрилган.

У 8-синфлигида мактабда оёғини партага уриб олади. Синган оёқни даволашдаги нуқсонлар туфайли алалоқибат уни кестиришга мажбур бўлади.

Муҳаммаддин оёғидан ажралгани билан ҳаммаси тугамаган эди. Ҳақиқий синовлар шундан кейин бошланди. У икки йил давомида мунтазам шифохонада қолишга мажбур бўлди.

“Оёқдан айрилиш оғриқли эмас, ундан кейинги жараён фожиали. Тана аъзосидан айрилиш жисмоний оғриқ туғдиради. Унга чидаса бўлади. Ундан кейинги жараёнда ҳам жисман, ҳам руҳан қийналасиз. Мана шундан чиқиб кетиш қийин”, дейди қаҳрамонимиз.

Узоқ муддатли даволанишдан кейин, тиббий амалиётлардан 5 йил ўтиб, у футбол билан шуғулланишни бошлади. Ўзининг айтишича, ўша пайтларда унга маҳалласидаги йигитлар ёрдам берган.

Қаҳрамонимиз ҳозирда “Матонат” ва “Байналминал” ногирон-ампутантлар футбол жамоасида тўп сурмоқда. Ўзбекистон ампутантлар терма жамоасига ҳам жалб қилинган. Унинг майдондаги вазифаси ҳимоячи. 2- ва 22-рақамларда ўйнайди.

Бундан ташқари, у енгил атлетика бўйича Ўзбекистон биринчилигида 3-ўринни қўлга киритган. Параканоэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон чемпионатида ҳам совриндорлар қаторидан ўрин олган.

Ҳамма ишга бир оёқда улгурадиган қаҳрамонимиз стол теннисига ҳам вақт топган. Ҳозирда қиш мавсуми бўлгани учун Муҳаммаддин ҳар куни 2-3 соатдан мустақил машғулотларни Нукусдаги спорт мажмуасида олиб бормоқда.

Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудларида Муҳаммаддинга ўхшаб ҳаёт синовларга дуч келган ёшлар кўп. Унинг ҳаётий мақсади – ўзи каби жисмоний имконияти чекланган ёшларга спорт орқали ёрдам бериш.

Шуҳрат Саидаҳмадов, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси –
Мирвоҳид Мирраҳимов

Шуҳрат Саидаҳматов
Муаллиф Шуҳрат Саидаҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид