12:11 / 23.01.2022
390725

Бизнесменга айланган сартарош — Brohouse қандай очилганди?

Автоҳалокат туфайли оёқлари маълум вақт ҳаракатланмай қолган, шифокорлар юриб кетишига умид билдирмаган сартарошнинг машаққатли ҳаёт йўли ва бизнесдаги муваффақияти – “Бизнес класс”нинг янги сони мавзуси. Қаҳрамонимиз – Brohouse бренди асосчиси Акмал Аҳрорхўжаев.

Лойиҳа давомида жуда кўп тадбиркорларнинг ишлари билан танишамиз, фойда-зарарни кўриб чиқамиз, ҳикояларга қулоқ тутамиз. Бу галги кўрсатувимиз қаҳрамони билан мулоқот қилиб ўзимиз учун ҳам жуда катта маълумот ва таассурот олдик. Бир қарашда оддийгина ҳунар —  сартарошликни етарли даражада бизнесга айлантира олган, яқин кунларда янги филиаллар очишни режа қилиб турган бренд билан яқиндан танишдик.

Тошкент шаҳрининг “Миллий боғ” метро бекати яқинида жойлашган, Brohouse эркаклар салони асосчиси Акмал Аҳрорхўжаев, болалик йиллари, автоҳалокат туфайли юролмай қолгани, синовлардан матонат билан ўтиб келаётгани ҳақида гапириб берди: “Болалигимда онам, жарроҳ бўлишимни хоҳлардилар, отам эса “Ўғлим бирон бир курсининг эгаси бўлади” дердилар. Ўзим эса санъаткор бўлишни орзу қилардим. Аммо отам санъаткор бўлишимга қарши бўлганлар, шундан сўнг мен сартарошлик касбини танладим. Буни қарангки, танлаган касбим билан, қайсидир маънода бирваракайига учта инсоннинг орзусини амалга оширдим. Ҳозир бир эмас, бир неча курсининг эгасиман, жарроҳлар қайчи ишлатгани каби, мен ҳам ҳар куни қайчи ишлатаман, беморларим эса соч олдиришга келган мижозларим. Санъатга қизиқишимга келадиган бўлсак, жуда кўп санъаткорлар билан бирга ишлашга тўғри келади. Улар билан турли хил концерт дастурлари ва байрам тадбирларида бирга ишлайман”, — дейди қаҳрамонимиз.

Автоҳалокат сабаб Акмал Аҳрорхўжаевнинг оёқлари бир йилча буткул ҳаракатланмай қолади. Эндигина стилистлик ишлари юриша бошлаган қаҳрамонимиз руҳий тушкунликка тушиб, қандай қарор қабул қилиш борасида боши қотади. Чунки Тошкентда бу жарроҳлик амалиётини амалга оширишга имкон, Ҳиндистонда эса ижобий натижага кафолат бўлмайди. Воқеликнинг давомини муаллиф тилидан ҳикоя қиламиз:

“Аллоҳга таваккул қилиб операцияга рози бўлдим ва Ҳиндистонга учиб кетдик. Уч кун операция қилишди. Ўзим билмайман, 11 кун беҳуш ётган эканман. Атрофдагилар ва шифокорлар умидини узишган ҳам экан. Аллоҳ меҳрибон, мен яна кўзимни очдим. Махсус шароитда Ўзбекистонга учиб келдик. Юриб кетишимга умид билдиришмади. Доим қимирлаб, ишлаб турган йигитнинг тўшакка михланиб қолиши чиройли ҳолат эмаскан. Уйда акамларга илтимос қилиб, ётоғим олдига турник ясаттириб олдим. 6-7 ой тинимсиз машқ қилиб тортилдим. Кечалари оёғимга ғишт боғлаб ётдим.

Кейин-кейин оёғим жуда ҳам кучсиз ҳаракатланди. Умуман ишламаётган аъзонинг 3 фоиз бўлса-да, қимирлаши одамга катта умид бераркан. Аллоҳнинг изни билан турдим. Ўша ҳолатда уйга кичик сартарошхона шароитларини ҳозирладик ва мижозларни чақириб хизмат кўрсата бошладим. Йигит киши меҳнат билан экан, бу менга мотивация берди. Секин-секин қўлтиқ таёқ ёрдамида юра бошладим. Салонга чиқиб, ўз касбимга расмана қайтдим. Уйда ётиб қолган даврларда вақтнинг қадрига етдим.

Энди бундан бу ёғига оддий яшай олмайман. Кенгайишимиз керак, ўзимиздан намунали ишлар қолдиришимиз керак, деган ўйларда бу ҳунарни бизнесга айлантириш учун ҳаракатларни бошладик. Оиламиздан тадбиркорлар чиқмаган. Хоҳиш бўлгани билан, иш юритишни билмасангиз, бизнесда муваффақият қозона олмасликни ҳис қилардим. Тадбиркорликни ўргатувчи курсларга бордим. Дарсларда ўрганганларим асосида “Brohouse” деб номланган эркаклар салонига асос солдик. Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда ҳамма нарсамиз етарли”.

Бизнес класснинг асосий эътибор қаратадиган жиҳатлари бу бизнеснинг рақамларга оид маълумотлари саналади. Бошлаб олиш учун қанча сармоя керак, ойлик харажатлар, маошлар, ўзаро келишув, салоннинг ижара ҳақи ва албатта бу бизнесдан қанча даромад кўриш мумкин маъносидаги барча саволларга жавоб олишга уриндик.

Кўрсатувнинг Youtube’даги тўлиқ талқинини кўриш орқали, керакли нархлар билан танишасиз.

Кузатувчи ва “Brohouse” мижозлари учун эълон! Видео остига ўз фикрингизни қолдиринг! Энг қизиқарли ва креатив изоҳ эгаси деб топилган 5 кишига Brohouse хизматларидан бир марталик бепул фойдаланиш имконияти тақдим этилади. Яъни ўзингиз ёки танишингизда соч-соқолни кўркам ҳолатга келтиришда Акмал Аҳрорхўжаев жамоаси ҳеч қандай тўловларсиз хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, “Бизнес класс” промокоди орқали 30 фоиз чегирмани қўллашингиз ҳам мумкин. Кўрсатувларимизни кузатиб боринг, биз бизнесни ичкаридан кўрсатамиз!

Муаллифлар:
Элдор Абдулвоҳид,
Иброҳим Саматов

Тасвирчилар:
Маҳмуд Солиев,
Нуриддин Нурсаидов,
Отахон Юсупов

Монтаж устаси:
Хайриддин Айюб

Brohouse билан алоқа:

+998 97 012 55 55

+998 97 411 11 14

Сайт: bro-house.uz

Top