Ўзбекистон | 17:44 / 26.01.2022
6902
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2021 йил Хитойга қарийб 100 миллион долларлик мош экспорт қилган

Фото: Getty Images

Ўзбекистон Хитойга асосий мош экспорт қиладиган мамлакатга айланди. Ўтган йилги рақамларга кўра, Хитой импорт қилган мошнинг 37 фоизи Ўзбекистондан кириб борган. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Хитой мамлакат аҳолиси кўп истеъмол қиладиган яшил мошни Ўзбекистон, Мяньма, Индонезия, Австралия ва Таиланддан импорт қилади. Хитойда мошнинг йиллик истеъмол ҳажми 2018 йил 89 минг тонна, 2019 йил 113 минг тонна, 2020 йил 205 минг тонна ва 2021 йил 290 минг тоннани ташкил этган.

Ўзбекистон Хитойга мош экспорт қилиш учун 2018 йилда рухсат олган. Сўнгги тўрт йил давомида Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси Хитойнинг тегишли идораларида етказиб берувчилар рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлаш борасида «Ўзкарантин» ташкилоти билан ишламоқда. 2018 йил 24 та, 2021 йил 72 та корхона Хитойга мош экспорт қилган.

Ўзбекистондан Хитойга 2019 йил 28 минг тонна, 2020 йил 75 минг тонна, 2021 йил 112 минг тонна мош экспорт қилинган. 2021 йилнинг ўзида экспорт ҳажми қарийб 100 миллион долларга етган. Хитой мош импортида Ўзбекистоннинг улуши 37 фоизгача ўсди. Шу тариқа Ўзбекистон Хитойга асосий мош етказиб берадиган давлатга айланди.

Хабарда ёзилишича, Ўзбекистон Хитойга қуритилган узум етказиб беришда ҳам етакчига айланган. Ушбу маҳсулотлар умумий импорт ҳажмининг 55 фоиз улуши Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган.

Мавзуга оид