Ўзбекистон | 21:14 / 30.01.2022
54893
5 дақиқада ўқилади

«Мактабларни кенгайтириш керак» — Президент лойиҳалар тақдимоти билан танишди

Шавкат Мирзиёев ҳар бир маҳалланинг иқтисодий, ижтимоий, илмий маркази бўлиши кераклигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни ёшлар, спорт, соғлиқни сақлаш, электр энергияси соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

28 январь куни мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида спортни оммалаштириш бўйича қатор кўрсатмалар берганди. Тақдимотдаги лойиҳалар шунинг мантиқий давоми бўлди.

Мутасаддилар аввалги топшириқларга мувофиқ, бу борада маҳалла ва мактаблардаги шароитлар ўрганилгани ҳақида ахборот берди. Қайд этилганидек, юртимиздаги 9 минг 309 та маҳалладан 763 тасида спорт объекти, 6 мингдан ортиғида кутубхона йўқ. Шунингдек, 10 минг 130 та мактабдан 2 мингдан зиёдида спорт зали, 22 тасида кутубхона мавжуд эмас.

Бу жойларда спорт масканлари ва кутубхоналар барпо этиш бўйича 3 хил типдаги лойиҳа таклифи ишлаб чиқилган. Биринчисида китоб жовонлари ва спорт қурилмалари ўрнатиш, иккинчисида очиқ спорт майдонлари ҳамда учинчисида ёпиқ иншоотлар барпо этиш назарда тутилган.

Давлат раҳбари бу лойиҳаларни маъқулламай, қайта кўриб чиқиш бўйича ўз тавсияларини берди.

«Тасаввур қилинглар: қишлоқларда оддий одамларга нима керак, ёшларга нима керак? Болалар кечқурун нима ўйнайди? Ёши катталар қаёққа бориб, суҳбатлашади? Шуларни ўйлаб, халқимиз хоҳишини инобатга олиб, лойиҳа қилиш керак. Масалан, маҳаллада мактаб, стадион бор. Шунинг ёнида сунъий қопламали мини-футбол майдони, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка учун жойлар ташкил этиш мумкин. Бунга керак ҳамма нарса ўзимизда ишлаб чиқарилаяпти.

Иккинчидан, шу жойларда кутубхона, компьютерхона, ошхона, ҳаммом қурса бўлади. Келгусида шифокор пунктларини ҳам жойлаштириш мумкин. Умуман, бу орқали ҳам хизматлар ривожланади, ҳам одамлар рози бўлади. Ҳар бир маҳалланинг мана шундай иқтисодий, ижтимоий, илмий маркази бўлиши керак, у ерда ҳаёт қайнаши керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан келиб чиқиб, лойиҳани такомиллаштириш, маҳалла марказларини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун тадбиркорларга имтиёз берилади ва эвазига ижтимоий масъулият юкланади. Куннинг маълум соатлари маҳалла ёшлари учун текинга ажратилади. Эгаси бўлгани учун тадбиркор ҳам даромад топади, мажмуа ҳам қаровсиз қолмайди.

Тақдимотда мактаблар қамровини оширишга оид лойиҳалар кўриб чиқилди.

Маълумки, келгуси беш йилда Ўзбекистонда 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни ташкил этиш зарур. Шу боис давлат раҳбари янги мактаблар қуриш ва мавжудларининг қувватини ошириш бўйича топшириқ берган эди. Шунга асосан, 330, 660, 990, 1320 ва 1650 ўринли мактаблар лойиҳаси тайёрланган. Бунда қўшимча бино, кўп функцияли зал, санитария-гигиена хоналари қуриш, замонавий лаборатория, интерактив доска, қулай ўриндиқлар билан жиҳозлаш каби барча жиҳатларга эътибор қаратилган.

Давлат раҳбари мутахассислар билан ҳар бир мактабнинг асоси ва девори ҳолатини ўрганиб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

«Буни нима учун айтаяпман? Иложи борича, ҳозирги мактабларнинг ўзини кенгайтириш керак. Чунки болалар ҳам, ўқитувчилар ҳам ўша жойга ўрганган. Маҳалланинг ўртасида бошқа бўш ер йўқ. Чекка жойдан қурсак, бориб-келишга транспорт керак, болалар қатнашга қийналади. Шунинг учун мактабларнинг ўзига қўшимча қават ёки ёнидан бино қуриш мақсадга мувофиқ», деди президент.

Ҳолатига қараб, ҳар бир мактабга алоҳида ёндашиш, аҳоли демографиясини инобатга олиб, қаерда неча қаватли бино қуришни ҳисоб-китоб қилиш бўйича топшириқ берилди.

Шавкат Мирзиёев ўтган йили онкология тиббиёт маркази лойиҳаси билан бир неча бор танишиб, қатор топшириқлар берган эди. Бугун шу бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Марказ биноси 10 қаватли, 650 ўринли бўлади. 16 та жарроҳлик хонаси, 45 беморга мўлжалланган реанимация хонаси, даволаш ва ташхис бўлимларини ўз ичига олади. Шунингдек, кунига 100 кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга стационар фаолият юритади. Бугунги кунда бинонинг пойдеворини тайёрлаш бошланган.

Давлат раҳбари марказни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, бунда хорижий инвестициялардан самарали фойдаланиш, кадрлар малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берди. 

Мавзуга оид