00:43 / 31.01.2022
101406

Қизалоқ ва айиқ воқеаси: аёл нега боласини йиртқич чангалига ташлаган?

Тошкент ҳайвонот боғида аёл киши уч ёшли қизчасини айиқ қафасига ташлаб юборгани акс этган видео интернетни «портлатди». Видеода бола эҳтиётсизлик оқибатида эмас, чиндан ҳам қасддан йиртқич ҳайвон сақланадиган жойга ташлаб юборилгани, ҳайвонот боғини айланиб юрган одамлар аёлни бу ишдан қайтаришга урингани, аммо улар ёрдамга кеч қолгани кўринади.

Дастлабки мақоламизда аёл бир неча йилдан буён руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ҳақида айтгандик. Бола айиқ сақланадиган вольерга совуққонлик билан ташлаб юборилгани, қолаверса, аёлнинг кейинги ҳаракатлари ҳам унинг руҳияти жойида бўлмаганини кўрсатиб турибди.

Хўш, аёлнинг руҳияти шу даражада бузилишига нималар сабаб бўлган? Унинг руҳиятидаги муаммолар қачон бошланган? Ижтимоий тармоқларда ёзишаётганидек, у чиндан ҳам фарзандларига меҳрсизми? Нима учун қизчанинг отаси воқеа шу даражада шов-шув бўлган эса-да, ҳалигача шифохонага келиб фарзанди ҳолидан хабар олгани йўқ?

3 ёш-у 3 ойлик Зарина Аҳадова, жабрланувчи Фото: KUN.UZ

Биз ана шу саволларга жавоб қидириб кўрдик. Онанинг ўз жигарбандини йиртқич ҳайвон қафасига улоқтирганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди, албатта. Бироқ воқеанинг кўпчилик эътибор қилмаган тафсилотлари пайдо бўлди. Биз буларни имкон қадар ўргандик.

«Куёвим қизимни кўп калтакларди»

Ҳайвонот боғидаги воқеа ортидан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган аёлнинг исми Зилола Тўлаганова. У 30 ёшда. Отаси Йўлдош Тўлаганов қизининг оиласи бир неча йилдан буён нотинч экани, турмуш ўртоғи билан муносабатларида муаммолар борлиги сабабли анчадан буён ота уйида яшаб келишини айтади. Унинг сўзларига кўра, барча муаммо қудасининг ўлимидан кейин бошланган:

Қизим оила қурганига етти йилдан ошган, икки нафар фарзанди бор. Катта неварам Дадахон 6 ёшни тўлдириб, бу йил еттига ўтди. Кичкина неварам Зарина 3 ёш-у 3 ойлик.

Қизим қайнотаси ҳаёт бўлган пайтда икки йил яхши яшади. Қайнотаси оламдан ўтганидан сўнг турмушида муаммолар пайдо бўла бошлади. Эрининг «ҳунарлари» чиқди, оиласида ҳаловат йўқолди. Куёв қизимни тез-тез уйимизга жўнатиб юборишни одат қилди.

Қайнотаси тириклигида қизим 2-3 ойлаб уйга келмасди. Невараларимизни чақирганимиздаям зўрға келиб-кетарди. Қайнотасининг маъракаларидан сўнг бизникига келди, орадан 4 кун ўтса ҳам уйига кетавермагач, кўнглим нимадандир ғаш бўлиб аёлимдан тинчликмикан деб сўрадим.

Аёлим магистратурасининг ярим йиллик контракт пули тўланмаган экан, уйидагилари пул йўқ дейишибди, шунга сиқилиб ўтирибди деб айтди. Ўғлим синглисига 8 миллион сўм берворди, бориб ўқишининг пулини тўлаб келди. Шундан кейин тинчиб кетармикин дегандик, акси бўлди.

Қизим шамоллаб қолсаям қайнонаси, эри бизникига жўнатвораверди. Келинни одам ўрнида кўриб даволатиш деган нарса йўқ. Хўп, дедик, сабр қилдик. Ўзимиз даволатиб уйига қайтарворамиз. Кўп ўтмай яна қайтиб келиб узоқ вақт қолиб кетадиган бўлди.

Қудаларимиз Мевазордаги ҳовлисини сотишгач, Сергелидан куёвимиз учун янги дом олишган. Лекин уй куёвнинг номига эмас, онасининг номига расмийлаштирилган. Янги уйда икки ойча яшашди холос. Кейин куёв хотинини кўчага қувиб солди.

Аёлим қудасига, куёвимга Худонинг зорини қилди. Қизимни уйларидан ҳайдаганда маҳалладагилар, «участкавой»лар ҳам воқеага гувоҳ бўлишган, улар ҳам куёвимизни бу ишдан қайтаришга ҳаракат қилишган. Ҳеч кимнинг гапи кор қилмаган. Қизим кўчада қолгандан кейин бориб аёлим уйимизга олиб келди. Шундан бери куёв бирор марта болаларидан келиб хабар олгани йўқ», деди аёлнинг отаси.

«Қизим олий маълумотли, иккита дипломи бор»

Ота қизининг олий маълумотли экани, иккита дипломи борлигини айтади. Зилола Тўлаганова Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтини тамомлаган. Бакалаврда бошқа йўналишда, магистратура босқичида бошқа йўналишда таҳсил олган. Ота Зилола келин бўлиб тушганидан сўнг магистратурага контракт асосида ўқишга киргани, шу пайт қудаси келинини қўллаб-қувватлаганини айтади.

Қизим олий маълумотли, иккита дипломи бор. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтини тамомлаган. Бакалаврда бошқа йўналишда, магистратура босқичида бошқа йўналишда таҳсил олган.

Келин бўлиб тушган пайтда магистратурага контрактга ўқишга кириб қолди. Шартнома пулини нима қиламиз, ада, деб мендан маслаҳат сўраганда, сен энди ўша ёқнинг одамисан, қайнотангга айтгин. Улар исташса сени ўқитишади. Бўлмаса ўқишингни йиғиштирасан, улар нима деса шу бўлади, деб айтгандим.

Ўқишга кирганини қайнотасига айтган экан, у менга қўнғироқ қилди, келинимни ўзим ўқитаман, болаларимнинг ҳеч бири ўқимади, катта келинларим ҳам ўқимаган, аёлим ҳам олий маълумотли эмас, шу келинимни ўзим ўқитаман, сизлардан ҳеч нарса керакмас, бу нарсани ўйламанглар, деди раҳматли ва сўзининг устидан чиқиб, контракт пулини тўлаб қизимни ўқитди.

Магистратурани тугатадиган йили қайнотаси ўтиб қолди. Шундан кейин оиладаги муҳит издан чиқиб кетди.

«Куёв шунча пайтдан бери бизникида яшаётган болаларидан хабар олгани йўқ»

Йўлдош Тўлагановнинг айтишича, қизи Зилола бундан буёғига тинч ҳаёт кечириш мақсадида эри билан ажрашиш учун фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожаат қилади. Ажабланарлиси шундаки, хотинини уйдан қувиб солган эр судда ажрашиш нияти йўқлиги, аксинча, фарзандларини етим қилишни истамаслигини айтади. Табиийки, бу гапи билан у судьяни ишонтирган ва ажрим амалга ошмаган. Судья эр-хотин айни пайтда бирга яшамаётганини инобатга олиб, отага болаларнинг таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини ҳам юклатмаган.

Судда куёв ажрашмайман, болаларимни етим қилмайман, деб туриб олди. Йўқса хотинини ҳайдаб юборган ўзи, биз унинг оиласини бузиб, қизимизни олиб келганимиз йўқ.

Кўпчиликнинг севимли қаҳрамонига айланиб улгурган Зузу лақабли айиқ Фото: KUN.UZ

Агар болаларини ўйлаётган экан, нега шу пайтга бирор марта уларнинг ҳолидан келиб хабар олмади? Майли, нарса кўтариб келмасин, ўзи келиб кетса бўлади-ку?! Яшамоқчи бўлса хотинини олиб кетса бўларди-ку шу пайтгача. Шунчаки алимент тўлашдан қочиб вақтни чўзиб судниям ўйин қилиб юрибди.

Судья ҳам масалани узил-кесил ҳал қилиб бермади. Куёв болалари учун на алимент тўлаяпти, на бирга яшаяпти ва на ажрашяпти. Агар ажрим бўлганида, қизимиз бу ҳолга тушиб қолмасмиди. Аллақачон тенгини топиб узатворармидик. Болаларини ўзимиз катта қилиб олаверардик агар янги жойдагилари қабул қилмаганда ҳам.

«Эри пулларини олиб қўяверган, ноутбукини ҳам сотиб юборган»

Яқинларининг айтишича, Тошкент ҳайвонот боғида рўй берган воқеадан бир-бир неча кун олдин эри Зилолага қўнғироқ қилиб, атайлаб руҳиятига таъсир қиладиган гапларни гапирган. Отаси айнан телефондаги суҳбатдан сўнг руҳиятида ўзгариш бўлган деб тахмин қилмоқда.

Оиласидаги келишмовчиликлардан кейин қизим стрессга тушиб қолгани учун уни даволатдик. Биринчи марта икки йилча олдин даволаниб чиқди. Эри уриб-калтаклар экан, шунинг таъсирида шу дардга чалинди. Турмушга узатганимизда соппа-соғ эди.

Охирги марта икки ой олдин даволаниб чиққанди. Шифокорлар олти ойга яқин қолганда яна келасизлар дейишганди. Бир йилда икки марта даволаниб туради.

Эри билан бирга яшашганда у ҳар куни қизимнинг сумкасидан пулларини олиб қўяркан. Ойлиги яхши эди, иккита жойда ишларди. Ҳам институтда дарс берарди, ҳам нашриётда китобларнинг муқовасини чизиб берарди, ички безакларини тайёрларди, дизайнер эди. Топган пулини эри олиб қўяверган. Ҳатто асосий иш қуроли бўлган ноутбукиниям кўчага олиб чиқиб сотиб юборган.

Даволангандан кейин дарҳол ишга чиқаман деди. Ўтган куни бозорга тушиб 8 миллион сўмга ўзига ноутбук олиб чиқди. Янги ҳафтадан ишни бошламоқчи эди. Уйданам иш қиламан деган режалари бор эди.

Фото: KUN.UZ

Бу ишлар тўсатдан содир бўлди, ўзимиз ҳам тушунмай қолдик. Дорихонага чиқиб келаман деб кетганди. Шифокорлар дорисини вақтида ичиб турса, ҳаммаси яхши бўларди деб айтганди. Менимча, у дориларини ичмай қўйган. Уйдан чиқиб боғчага борган ва докторга обораман деб уларни олиб тўғри ҳайвонот боғига олиб кетибди. Бу ҳақда на менга, на аёлимга айтгани йўқ.

Шу воқеадан тўрт кун олдин куёв телефон қилиб асабига теккан. Ҳозирги ҳолингдан баттар қиламан деб айтган. Жинни бўлиб қолсанг ҳам сен билан ажрашмайман, уйда олиб ўтираман деб айтган. Бу гаплар унга қаттиқ таъсир қилган кўринади.

Йўқса қизим болаларини жуда яхши кўрарди. Уларга жуда меҳрибон эди. Бўлган ишлар биз учун ниҳоятда кутилмаган воқеа бўлди. Жаҳли чиққанда, асабийлашганда ёки даволаниш муддати яқинлашганда ҳам ҳеч қачон болаларига қўл кўтармаган, уларни уриб калтакламаган. Ғазабини бизга сочиши мумкин эди, лекин болаларига эмас.

Калтак бошимизда синмаса бўлди қабилидаги баёнот

Шов-шувли воқеа содир бўлганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот органлари аёлнинг катта фарзанди – 6 яшар ўғли Дадахонни ҳам келиб олиб кетишган. Бола то тергов якунига қадар васийлик органи қарамоғида бўлиши айтилмоқда. Рўй берган воқеа ҳам фожиадан ўзига келиб улгурмаган Йўлдош ота ва яқинларини карахт қилиб қўйган.

Зилола Тўлаганова ота-онаси билан 2021 йилнинг декабрида Сергели туманининг Файзли маҳалласига кўчиб келишган. Бунгача эса ота-онаси Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек қўрғонидаги ижара уйда яшашган. «Файзли» маҳалласи раиси Саида Исаева Тўлагановларнинг маҳаллага кўчиб келганига бир ярим ой бўлгани, бироқ Зилоланинг руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда туришини билмагани, бу ҳақда маҳаллага ҳеч қандай маълумотнома тақдим этилмаганини айтмоқда.

Ҳолат бўйича Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг баёнотида Зилола Тўлаганова эри билан Сергели туманидаги «Янги Бунёдобод» маҳалласида ижарада бирга яшагани, маҳалла раиси, хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор томонидан оилани яраштириш чоралари кўрилгани таъкидланади.

Бошқарманинг ишонтиришича, Зилола Тўлаганова «Аёллар дафтари»га киритилган. Бироқ унинг яқинлари, ҳамкасблари Kun.uz’га бу ёлғон маълумот эканини айтишмоқда. Зилолани яқиндан таниган инсонларнинг сўзларига кўра, у уй-жой масаласида бир неча марта маҳалла фуқаролар йиғини, туман ҳокимлигига мурожаат қилган. Лекин ушбу мурожаатларидан натижа бўлмаган.Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бу баёноти кўпроқ калтакнинг бир учи ўзларининг бошига келиб тушиши олдини олиш, ўзларига гард юқтирмасликка уринишга ўхшайди.

Фото: KUN.UZ

Йўлдош Тўлаганов куёви қизини муттасил уриб, калтаклаб келганини айтади. Зилолани яқиндан таниган инсонлар ҳам у эри турли йўллар билан руҳан эзиб, хўрлаб, масхаралаб келганини айтиб бергани ҳақида ёзишмоқда. Бироқ аёлга ҳеч қандай ҳимоя ордери берилмаган, масъуллар оиладаги низони юзаки ўрганиш билангина кифояланган. Буларнинг барчаси мудҳиш жиноят содир бўлишига олиб келган.

Қолаверса, руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда турган аёл нима учун фақат йилда икки бор даволаниш билан кифоялангани, нега у билан психологлар муттасил ишламагани, руҳий хасталиги бор аёлни жамиятга мослаштириш, руҳиятидаги оғриқлардан қутқариш чоралари кўрилмагани қатор саволларни келтириб чиқармоқда.

Бундан ташқари, инқироз ёқасидаги, тикланиши даргумон бўлган оила вакиллари нега ажратиб юборилмагани, ишни кўриб чиққан судья нима учун аёлнинг важларига қулоқ тутмагани, бу жараёнда вазиятдан яхши хабардор бўлган маҳалла раислари, хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилар ташаббусни қўлга олиб, бор гапни рўйирост айтишмагани ҳам тизимда камчиликлар борлигини кўрсатмоқда.

Воқеа тарихи

28 январ куни соат тахминан 12:00лар атрофида номаълум аёл кичкина қизчани Тошкент ҳайвонот боғининг Зузу лақабли айиқ сақланадиган вольерига ташлаб юборади. Бу воқеани ўткинчилар кўриб қолиб, ҳайвонот боғининг хавфсизлик бўлими ходими Эргаш Маматовга хабар беришади. У ўз навбатида ҳайвонот боғининг Йиртқичлар бўлими мудири Нодир Баҳромовга телефон қилиб, содир бўлган ҳодиса ҳақида ахборот беради.

Масъул ходимларнинг зудлик билан кўрган чора-тадбирлари натижасида қизча вольер ичидаги ҳовузга қулаганидан 2,5 дақиқа ўтиб Зузу ички қафасга киритилади ва ходимлар бошқа эшикдан вольерга кириб, қизчани олиб чиқишади.

Фото: KUN.UZ

Жабрланувчига ҳайвонот боғи ҳамшираси томонидан биринчи ёрдам кўрсатилади. Сўнгра у тез тиббий ёрдам хизмати машинасида шифохонага олиб кетилади.

Суриштирувлар давомида жабрланувчи 3 ёш-у 3 ойлик Зарина Аҳадова экани, қизчани вольерга ташлаб юборган аёл эса унинг 30 ёшдаги онаси Зилола Тўлаганова экани ойдинлашди. Kun.uz ўз манбалари орқали аёлнинг бир неча йилдан буён руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда туришини аниқлади.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази томонидан ўтказилган рентгенологик, томография текширувларидан сўнг болага очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши ташхислари қўйилади. Шифохонага олиб келинган вақтда 5 метр баландликдан бетон қопламали бетон юзага йиқилган боланинг боши ёрилган, шунингдек, юз қисмида ҳам жароҳат борлиги маълум бўлди. Бир кун реанимация бўлимида муолажа олган бола эртаси куни Болалар жароҳатлари хирургияси ва нейрохирургия бўлимига ўтказилади. Мутахассисларга кўра, боланинг ҳолати ўрта оғир, ҳуши ўзида.

Фото: KUN.UZ

Юнусобод тумани прокуратураси терговчиси Отабек Бозоровга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25-, 97-моддаси 2-қисми “в” банди (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Она эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Нодир Баҳромовнинг айтишича, 24 йил аввал очилган Тошкент ҳайвонот боғида бундай воқеа шу пайтгача кузатилмаган. Зузу лақабли айиқ 2016 йилда туғилган, жинси эркак. У бу ерга 2017 йилда Бокудаги ҳайвонот боғидан олиб келинган. Мутахассис табиатда эркак айиқ ҳатто ўзининг болалари учраб қолса, уларни еб қўйиши ёки ўлдиришини айтиб, Зузу болага зиён етказмагани Аллоҳнинг марҳамати эканини таъкидлади.

Жамшид Ниёзов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов

Top