Автосаноат монополияси сабаб биз қанча йўқотяпмиз?
Ўзбекистонда маҳаллий автомобил ишлаб чиқарувчи монопол компания нафақат юқори божлар билан, балки нотариф тўсиқлар билан ҳам ҳимоя қилинади. Иқтисодчи Юлий Юсупов ўз мақоласида энг асосий нотариф тўсиқ – сертификатлашни таҳлил қилиб, бу нархларни қанчага ошираётганини рақамларда кўрсатиб берди.
Ҳаммага (ҳатто кичик болаларга ҳам) маълумки, Ўзбекистон автомобил бозорида бир неча ўн йиллардан бери сунъий ва изчиллик билан қўллаб-қувватлаб келинаётган монополия бор. Холбуки, у (монополия) яратилаётган пайтида бизга “кейинчалик маҳаллий ишлаб чиқарувчимиз оёққа туриб, рақобат курашида барчани енгади”, деган гапга суянган ҳолда икки йил билан чекланишга ваъда беришган эди.
Лекин, таассуфки, Ўзбекистонда вақтинчалик имтиёзлар деярли доим коррупцион-монопол “якун”ларга айланиб келган, уларни бекор қилиш эса жуда қийин. Афсуски, бизда шундай нохуш анъана бор...
Монополия оқибатлари
Амалдаги монополия автомобил заводимизга ўз самарасизлигини қуйидагилар ҳисобидан қоплашга имкон беради:
- истеъмолчилар ҳисобидан, чунки улар импортнинг юқори қиймати туфайли танлаш имкониятидан маҳрум – битта компания маҳсулотини сотиб олишади (қолган истеъмолчилар эса айнан шу монополист компаниянинг ўзидан импорт маҳсулотни, албатта, оширилган нархларда сотиб олишади);
- давлат ҳисобидан: автомобилларни импорт қилишда божхона тўловларидан турли хил имтиёзлар ва олинмаган тушумлар (демак, солиқ тўловчиларнинг пуллари ҳисобидан) кўринишида.
Охирги банд ҳақида батафсилроқ тўхталамиз. Агар божхона тўловлари бугунгидек тақиқловчи эмас, балки оқилона бўлганида, автомашиналар импорти анча кўп бўлар, ўз навбатида, бюджетга кўпроқ пул тушган бўлар эди.
Юқоридаги фикрнинг оддий исботи. 2019 йилда қиммат (нархи 40 минг доллардан юқори) автомобиллар учун божхона тўловлари кутилмаганда сезиларли даражада (тахминан 40 фоизгача) қисқартирилган эди. Ўша йилда хориждан 2300 дан ортиқ шундай автомобиллар импорт қилинган эди. Кейинги йили божхона тўловлари яна оширилди (автомобиль нархининг 70-80 фоизигача), импорт эса 550 та автомобилгача камайди. Бюджетга тушумлар неча марта камайганини эса, ҳисоблаш қийин эмас.
Тушунарли бўлиши учун мутлақ кўрсаткичларда ҳисоблаб чиқамиз.
Юқорида айтилган тоифадаги автомобилнинг ўртача нархини 70 минг доллар деб оламиз. Ўз навбатида, 2019 йилда бюджет 2300 авто * $70 000 * 40% = 64,4 млн доллар тушум олган. 2020 йилда эса: 500 авто * $70 000 * 75% = 26,25 млн доллар. Божхона тўловларининг ошишидан келган йўқотишлар 38 млн долларни, ёки 60 фоизни ташкил этган. Ана шундай арифметика…
Ҳа, кейинги йилларда монополист компанияни кўплаб имтиёзлардан маҳрум қилишга эришилди. Чунки яқиндагина у нафақат бозорда ягона эди, балки:
- амалда солиқ ва божхона тўловларини деярли тўламаган (!!!);
- валютани махсус курсда сотиб олган;
- арзон кредитлар олган.
Ва шу орада машиналарни ўта қиммат нархларда сотган, автомобил олиш учун навбатда туришга ва “шапка” тўлашга мажбур қилган эди.
Бугун вазият анча яхши. Аммо бозорни монополлаштиришнинг асосий сабаби – импортга нисбатан қўйилган юқори божхона тўловлари бартараф этилган эмас.
Сертификатлаш муаммоси
Маълум бўлишича, автомобиллар импорти, ўз навбатида, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш йўлида юқори божхона божларидан ташқари яна бир жиддий тўсиқ ҳам бор. Гап нотариф тўсиқлар ҳақида кетмоқда.
Нотариф тўсиқлардан асосийси – маҳаллий сертификатлаштириш органларидан сертификат олиш зарурати.
Бундай сертификатлашдан мамлакатга олиб кирилаётган барча автомобиллар, шу жумладан, жаҳон автомобил ишлаб чиқарувчиларининг текширилган ва яна қайта текширилган, синовдан ўтказилган ҳамда барча зарур тасдиқловларга эга бўлган брендлари ҳам ўтишлари керак. Яъни гап истеъмолчи ва бюджет манфаатлари нуқтайи назаридан нафақат маъносиз, балки жуда зарарли тартиблар ҳақида кетмоқда, чунки улар автомобил нархининг сезиларли даражада ошишига олиб келади, бу эса нафақат истеъмолчи чўнтагида салбий акс этади, ўз навбатида давлат даромадларига ҳам тескари таъсир қилади.
Мавжуд тартибга кўра, аввало, иқлим синовлари деб аталадиган синовларни ўтказиш лозим. Улар уч ой давомида 15 минг км масофа юриш билан ўтказилади. Импорт қилувчи корхона ҳар бир моделдаги автомобилдан 2 донадан тақдим этиши, моделлар ҳар хил қувватли моторли бўлганда эса 2 хил двигателли турли автомобилларини тақдим этиши керак.
Шундай қилиб, моделлар ва двигателларнинг хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда, сертификат олиш учун импорт қилувчи ҳар бир ишлаб чиқарувчидан камида 15-20 та автомобилни синовдан ўтказиш учун тақдим этиши зарур.
Бундан ташқари, импорт қилувчи ҳар бир автомашинани ёқилғи, техник суюқликлар билан таъминлаши, синовдан ўтказиш харажатларини тўлаши шарт. Бунинг устига, махсус стендларнинг йўқлиги сабабли, барча синовлар очиқ ҳавода максимал ҳароратда ўтказилиши керак. Ва бундан келиб чиқадики, агар янги модел қишда ёки кузда олиб келинган бўлса, унда ҳарорат керакли даражага етиши учун ёз фаслини кутиш керак.
Шунингдек, импорт қилувчи ҳисобидан ишлаб чиқарувчи заводга мутахассисларни жўнатиш – ишлаб чиқариш жараёнини бевосита текширишни ташкил қилиш зарур (бизнинг текширувларимизсиз гўё немислар ёки японияликлар брак автомашиналар чиқаришни бошлайди...). Турли моделлар кўпинча турли мамлакатларда ишлаб чиқарилишини ҳисобга олсак, бир нечта мамлакатларга ташрифларни ташкил этиш керак. Сертификатлаш органининг ходимлари дунёни айланиб чиққан бўлса не ажаб...
Бу шартлар мамлакатга кенг турдаги автомобилларни олиб киришни хоҳловчи расмий импортёрлар учун бажариб бўлмас даражада. Чунки улар юқоридаги синовларга қимматбаҳо автомобилларни тақдим этиш учун катта ҳаражат қилишлари керак, бу эса сотувлар ҳажмлари билан таққосланмас даражада.
Шу билан бирга, бу қоидалар транспорт воситаларини соддалаштирилган схема бўйича сертификатлаштиришга рухсат берилган хусусий шахсларга тааллуқли эмас. Натижада, солиқ тўловчи бўлмаган, автомобилларга кафолатли хизмат кўрсатмайдиган ва ишлаб чиқарувчи номидан транспорт воситасининг хавфсизлиги учун жавобгар бўлмаган жисмоний шахслар легал компаниялар ёки жаҳонга машҳур ишлаб чиқарувчилар ваколатхоналарига қараганда қулайроқ мавқега эга бўлишди.
Тўсиқлар бизга қанчага тушмоқда?
Божхона тўловлари ва нотариф тўсиқлар маҳаллий харидорлар учун импорт автомобиллар нархини қай даражада оширмоқда?
Рақамли мисолни кўриб чиқамиз. Айтайлик, компания Фолксваген автомобилларини импорт қилиш бўйича шартнома имзолади. Автомобилнинг ўртача сотилиш нархи 35 000 еврога тенг. Божхона тўловлари, ҚҚС тўлангандан сўнг, утилизация йиғими тўлангандан сўнг, машинанинг нархи тахминан 65 000 еврони ташкил қилади. Бошқа харажатларни, шу жумладан, сертификатлаштириш ва импорт қилувчининг комиссиясини ҳисобга олган ҳолда, истеъмолчи учун якуний нарх ўртача 70 000 евродан ошади, яъни икки баробарга кўпаяди.
Сертификатлаш харажатларига (2565 евро) нима киради?
Фолксваген бир нечта моделларни ишлаб чиқаради, ҳар бир модел турли двигателлар билан жиҳозланади. Масалан, POLO PASSAT TIGUAN моделлари 2 та двигатель вариантига эга. TOUREG TERAMOTнинг эса битта двигателли варианти бор. Ҳар бир двигател варианти учун 2 та автомашинани тақдим этиш заруратини ҳисобга олсак, сертификатлаштириш учун жами 14 та автомобил тақдим этилиши керак.
15 000 км юрган автомобил ўз қийматининг 20–25%ини йўқотади. Икки автомобил учун (яъни, битта сертификат учун): 70 000 * 20% * 2 = 28 000 евро.
Сертификатлаш органининг нархларига кўра 1 та моделнинг иқлим синовларни ўтказиш учун “тахминий сумма”си 30 млн сўм ёки 2400 еврони ташкил этади.
“Сертификатлаштириш синовлари, ишлаб чиқаришни текшириш, ҳужжатларни таҳлил қилиш, транспорт воситаси типини маъқуллаш (ТВТМ)ни расмийлаштириш ва сертификатлаштиришнинг бошқа тартиблари” учун тахминий сумма чегаралари 1 модел учун 180 млн сўмдан бошланади. Агар қатъий текширувлар учун бир нечта мамлакатларда жойлашган заводларга ташриф буюриш керак бўлса, сумма ошади. Майли, келинг, бу 180 млн сўм, яъни 14 400 евро бўлсин.
Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Сертификатлаш идорасининг бир ажойиб моддаси бор (= автомобиль харидорларининг харажатлари моддаси): “сертификатланган маҳсулотларни йиллик текширув назоратини ўтказиш учун тахминий сумма”. Ана холос! Битта модель учун бу миқдор 30-50 млн сўм (наҳотки немис заводларини яна текшириш керак бўлса?). Майли, 40 млн сўм бўлсин. Дастлабки текширувдан сўнгги икки йил давомида (нега яна икки йиллигини қуйида билиб оласиз) – 80 млн сўм ёки 6400 еврога тенг.
Энг ортиб тушадиган жойига келдик – “экологик сертификат”.
Сертификатлашни хусусий компания ўтказади. У углеводород маҳсулотларининг ёниш даражасини текширади. Ва бу Европа ва Япония автомобиллари учун! Демак, немислар, французлар ва японлар хавотирланмаса ҳам бўлади – идора фақат уларнинг маҳсулотини эмас, бизнинг антиэкологик ўзбек автомобилларини ҳам сертификатлайди, ахир...
Аммо энг ҳайратга соларли томони шундаки, ҳатто электромобиллар ҳам экосертификатлашдан ўтиши керак. Қандай текширмаслик мумкин, балки улар ҳам атроф-муҳитни ифлослантираётгандир? Боз устига, бу қиммат эмас (лекин кимгадир хуш ёқади) – 100 евро атрофида. Ва буларнинг барчаси бизнинг саломатлигимиз учун...
Ўз навбатида, битта сертификат ўртача 51 300 еврога тушади.
Бозорда автомобил маркасининг долзарблиги ўртача уч йилни ташкил этади. Бу муддатда, агар юқори якуний нархларни ҳисобга олсак, импортчи Ўзбекистонда унча кўп автомобил сота олмайди. Айтайлик, битта сертификат билан (эслатиб ўтаман, маълум бир двигателга эга маълум бир маркадаги автомобиль учун) уч йил ичида ўртача 20 та машина сотишга муваффақ бўлинди. Битта ўртача автомобилнинг нархи 2565 еврога ошиши керак (51 300/20). Айни пайтда жисмоний шахс учун сертификатлаш қиймати ҳар бир автомобил учун 3,5-4 млн сўмни ташкил этади.
Мисол тариқасида янада қимматроқ автомобилни олсак, масалан, божхона расмийлаштирувидан кейин ўртача нархи 150 минг АҚШ доллари бўлган Мерседес.
У ҳолда сертификатлаштириш устамаси тахминан 80 минг долларни ташкил қилади. Бир автомобил учун сертификатлаш харажатларидаги бундай фарқ синовдан ўтказиладиган автомобилларнинг юқори нархи ва 1 сертификатга тўғри келадиган камроқ сотувлар ҳажми билан изоҳланади.
Хулосалар
Шундай қилиб, импорт автомобилларни сертификатлашнинг амалдаги тизими қуйидагиларни келтириб чиқараётганини кўрмоқдамиз:
- маҳаллий истеъмолчиларнинг манфаатларига тажовуз қилади (чунки улар барча монопол-коррупцион “якун”лар учун пул тўлаши керак бўлади);
- импорт қилинаётган автомобиллар, айниқса, қиммат автомобиллар нархининг сезиларли даражада ошишига олиб келади ва шу орқали маҳаллий автосаноатнинг монопол мавқейини мустаҳкамлашга ҳамда бюджетга автомобиллар импортидан келадиган тушумларнинг камайишига кўмаклашади;
- виждонли импортчи бўлган юридик шахсларни автомашиналарни мустақил равишда олиб кирувчи жисмоний шахсларга нисбатан тенг бўлмаган шароитларга қўяди.
Асосий хулоса: тармоқда рақобатни ошириш ҳамда истеъмолчилар ва бюджет манфаатларини таъминлаш учун автомобилларни импорт қилишга қўйилган божхона тўловларини нафақат қисқартириш, балки мажбурий сертификатлашдан вос кечишимиз зарур, ҳеч бўлмаса халқаро тан олинган сертификатларга эга моделлар учун.
Юлий Юсупов,
иқтисодчи
Рус тилидан Шокир Шарипов таржимаси
Мавзуга оид
17:18 / 14.11.2024
Электромобил бозорини қисиш учун охирги бир йилда нималар қилинди?
20:33 / 13.11.2024
«Ўзбекистон темирйўллари» 1 декабрдан юк ташиш тарифларининг вагон қисмини 30 фоизга оширади
08:08 / 07.11.2024
Монополияга қарши орган розилигисиз давлат иштирокидаги корхона ташкил этилган 4 та ҳолат аниқланди
18:27 / 31.10.2024