Ўзбекистон | 17:32 / 11.02.2022
17369
3 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчиларни тайёрлаш ва имтиҳон қилишнинг янги тизими яратилади. Бобожоновга топшириқ берилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонда ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш бўйича янги тизим яратилади. Йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселекторда президент томонидан Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга бу борада топшириқ берилди.

«Ҳайдовчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларни имтиҳон қилиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилади.

Йилдан йилга автотранспорт воситалари ва ҳайдовчилар сони кўпайгани билан уларнинг маданияти, ўзаро ҳурмат ва билим-тажрибаси пасайиб бораётганини ҳам ҳаммамиз кўриб турибмиз, бу ҳам адолатли ҳақиқат.

Бунда аварияларнинг 75 фоизини 35 ёшгача бўлганлар содир этган. Ҳар йили 500 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномаси олгани билан, 25 фоизи машғулотларга қатнашмайди.

Қайси ҳоким ёки ички ишлар бошлиғи бирор марта автомактабларга борган, улардаги ўқиш жараёни билан қизиққан? Ҳеч ким, ҳеч қачон.

Умуман, бир пайтлар Таълим инспекцияси автомактаблар назоратини эплай олмади. Энди ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома беришга фақат ва фақат вазир [Пўлат] Бобожонов шахсан жавоб беради ва бир ой муддатда янги тизим яратади.

Автомактаблар ва имтиҳон марказларига талабларни қайта кўриб чиқади, уларга лицензияларни ўзи шахсан беради», дейди президент.

Шунингдек, Ички ишлар академияси раҳбари Рустам  Хатамов автомактабларнинг методологияси, ўқув дастури, ўқитувчиларнинг малакаси ва ўқитиш сифатини ошириш бўйича масъул бўлиши, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Олим Саидов ҳайдовчилар тўғрисидаги маълумотлар базаси ва уларнинг рейтингини юритиши маълум қилинган.

Йиғилишда ҳайдовчиларнинг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда тўланадиган суғурта бадалини жарима балларидан келиб чиқиб белгилаш тартиби жорий этилиши белгиланди.

Шу билан бирга, йўл ҳаракати қоидалари анча эскиргани, халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

«Қонунчиликка киритиладиган ҳамма янгиликлар депутатлар, экспертлар ва жамоатчилик билан бамаслаҳат ишлаб чиқилади», деган президент.

Мавзуга оид

Эълонлар