Ўзбекистон | 11:33 / 15.02.2022
4737
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистонга янги нефт ва газ конларини аниқлашда ёрдам беради

Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ Геология хизмати (USGS)  катта илмий маслаҳатчиси Ингрид Верстрат билан маслаҳатлашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: ingimage/vostock-photo

Учрашув чоғида АҚШ вакили  аввал эришилган келишувлар доирасида 2022 йил апрель-июнь ойлари оралиғида USGS экспертларининг Ўзбекистонга амалий сафарлари режалаштирилганини маълум қилди.

АҚШ Геология хизмати делегацияси  сафар давомида Ўзбекистон Геология қўмитаси билан биргаликда амалга оширилаётган умумий қиймати 2,3 миллион доллар миқдоридаги қўшма лойиҳа доирасида республика минерал ресурсларини ўрганиш, шунингдек, қурғоқчилик ва сув тошқинларини таҳлил қилиш ва прогнозлаш, сув тошқинларини моделлаштириш ва дарёларнинг тошиши, тошқин частотасини ўрганиш ишларини амалга ошириши таъкидланди. 

Хусусан, апрель ойида Ўзбекистонга келиши  режалаштирган USGS  экспертлари гуруҳи Ауминтазау–Кульджуктауск тоғ тизмасида биргаликда геологик тадқиқотлар ва муҳим минерал ресурсларни қидириш ишларини олиб боради.

Бундан ташқари, тектоник ва металлогеник вазиятнинг аввалги талқинларини тасдиқлаш учун лойиҳа майдонида геологик, геофизик, геокимёвий, геохронологик ва мультиспектрал тадқиқотлар ўтказиш режалаштирилган.

Элчихона маълумотларига кўра, илгари аниқланган конлар ва маълум жойларда фойдали қазилмалар конлари ўрганилади. Улар асосида металлар ва улар билан боғлиқ муҳим минералларнинг бойитиш даражасини  тасдиқлаш учун геокимёвий намуналар йиғилади. Хусусан, минерал ҳосил бўлиши жараёнини геологик ҳодисалар ва тошлар билан боғлаш учун намуна олиш геохронологик тадқиқотлар учун махсус жойларда амалга оширилади.

АҚШ Геология хизмати экспертларининг ташрифи доирасида маълумотларни йиғиш учун замонавий дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотларни йиғиш усуллари бўйича геофизиклар учун дала маълумотларини қайта ишлаш бўйича тренинглар ташкил этилади. Конларнинг сифат ва миқдорий хусусиятларини баҳолаш бўйича ўқув семинарлари давомида маҳаллий мутахассислар истиқболли соҳаларда фойдали қазилмалар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш учун USGS  усуллари билан танишиши кутилмоқда.

Нефт ва газ ресурсларини тадқиқ қилишга ихтисослашган иккинчи USGS гуруҳи жорий йил май ойида Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларидаги нефт ва газнинг потенциал конларини аниқлаш учун Ўзбекистонга келиши режалаштирилмоқда.

2022 йил июнь ойида USGS гидрологлар гуруҳи гидрометрик тармоқлар, статистика, сув ресурсларини ривожлантириш инфратузилмаси, тошқин ва кўчкилар тарихи, шунингдек, қор қопламини биргаликда ўрганиш бўйича маҳаллий ҳамкасблар билан ҳамкорлик қилиши назарда тутилган. 

Ўзбекистонлик ва америкалик мутахассислар рақамли маълумотлар тўпламлари ва масофадан туриб зондлаш бўйича жорий маълумотларни баҳолайди. Қор қопламининг сув ресурсларини фазовий ва вақтинчалик баҳолаш учун масофадан зондлаш маълумотларини қўллаш соҳасида тренинглар ўтказиш ҳам АҚШ геологик тадқиқотлари делегацияси ташрифи дастуридан ўрин олган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид