Жаҳон | 16:58 / 15.02.2022
8455
2 дақиқада ўқилади

Канада ҳукумати тарихда илк бор фавқулодда вазият тўғрисидаги қонунни қўллади

Фавқулодда вазият тўғрисидаги қонун 34 йил аввал қабул қилинган, аммо ҳеч қачон қўлланмаганди.

Фото: Reuters

Канада ҳукумати тарихда биринчи марта фавқулодда вазият тўғрисидаги қонунни қўллади. Ушбу қонун ёрдамида юк машиналари ҳайдовчиларининг карантин чекловларига қарши норозиликларини тўхтатиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Канада бош вазири Жастин Трюдо маълум қилди.

Унинг аниқлик киритишича, қонун ваколатлари Оттава ва намойишлар иштирокчилари тўсиқлар қуриб олган бошқа шаҳарлар талабларига мувофиқ ҳолда чекланади. 

Трюдо фавқулодда вазият тўғрисидаги қонун бутун мамлакат бўйлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш учун қўлланилишини айтди. 

"Гап канадаликлар хавфсизлигини таъминлаш, иш жойларини ҳимоя қилиш тўғрисида бормоқда", - деди у.

Канадада узоқ масофага юк ташувчи ҳайдовчилар анчадан буён карантин чекловларига қарши норозилик билдириб намойишлар ўтказмоқда. 7 феврал куни Оттавада намойишлар туфайли фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Шаҳар ҳокимияти намойишлар Оттава аҳолиси хавфсизлигига таҳдид уйғотмоқда, деган фикрда. 

Канадада фавқулодда вазият тўғрисидаги қонун 1988 йилда қабул қилинган. Қонун илгари ҳеч қачон қўлланилмаган, чунки у энг сўнгги чора ҳисобланади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид