Ўзбекистон | 17:55 / 15.02.2022
2560
2 дақиқада ўқилади

Намангандаги АЁҚШ ҳудудида портлаш юз берди

Наманганда автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасининг орқа томонида ёқилғи сақлаш махсус идишини пайвандлаш вақтида портлаш юзага келди.

Фото: ФВБ ахборот хизмати

Наманган вилояти ФВБнинг маълум қилишича, ҳодиса 15 феврал куни соат 12:30 лар чамасида Наманган вилояти Наманган шаҳар Лола маҳалла фуқаролар йиғини Бобуршоҳ кўчаси 41-уйда жойлашган “Кимё сервис” Масъулияти чекланган жамиятига қарашли бўлган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси ҳудудида юз берган.

Қайд этилишича, ёлланма ишчилар томонидан шохобчанинг орқа ҳовлисида анчадан буён фойдаланишда бўлмаган, бўш ҳолда бўлган 25 тонна ҳажмдаги бензин сиғимига эга махсус идишни тозалаш учун дизел ёқилғисидан фойдаланилган. Таъмирлаш давомида пайвандлаш ишларини олиб бораётган вақтда дизел ёқилғиси буғи ва ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлиб, портлаган.

Фото: ФВБ ахборот хизмати

Натижада, 1 нафар ёлланма ишчи тан жароҳати олиб, шифохонага олиб борилган ва унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига рухсат берилган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши.

Эслатиб ўтамиз, 11 февраль куни соат 11:30 да Андижон вилояти, Шаҳрихон туманидаги «Зитерия» МЧЖ Диагностика ва даволаш масканининг 1-қаватида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлгани, бунинг оқибатида 1 киши вафот этгани ва 11 нафар фуқаро тан жароҳати олганлиги хабар қилинган эди.

Мавзуга оид