19:52 / 16.02.2022
9032

Андижон вилоятида 4 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди

Сўнгги ҳафтада вилоятнинг икки ҳудудида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилди.

Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида 1, Асака туманида эса 3 киши ис гази қурбонига айланган. Асака туманидаги ҳолатда жасадлар фермер хўжалиги биносидан топилган.

Вилоят ФВБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 14 февраль куни тахминан соат 10:30да Асака тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими навбатчилик қисмига ис гази билан заҳарланиш ҳолати бўйича хабар келиб тушади.

Тезкор гуруҳ тумандаги “Чек” МФЙда жойлашган “Асака зотли чорва” фермер хўжалиги биносида 3 кишининг жасадини топади.

Шунингдек, 12 февраль куни Андижон тумани “Исломобод” МФЙда яшовчи фуқаро М.Қ ва турмуш ўртоғи И.Қ. Хўжаобод тумани “Мустақилликнинг 27 йиллиги” МФЙ ҳудудида жойлашган, ўзига тегишли олма боғидаги ҳовлисида уйни иситиш мақсадида тоғорага чўғ олиб киришган ва номаълум этиологияли сабабларга кўра И.Қ. вафот этган, турмуш ўртоғи М.Қ. РШТТЁИМнинг жонлантириш бўлимига жойлаштирилган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг аниқлик киритишича, 14 февраль куни Асака туманидаги фермер хўжалигига тегишли бўлган дала шийпонида 3 нафар ёлланма ишчининг вафот этишига қўлбола усулда ясалган сандалда ёқилган кўмир ис газидан заҳарланиш сабаб бўлган.

Марҳумларнинг вафот этганлиги юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. 

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top