17:49 / 17.02.2022
115064

Кетма-кет 7 қурбон: Отувга ҳукм қилинган навоийлик “маклер”ларнинг серияли қотилликлари

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

2006 йил Зарафшон шаҳрида турли миллатга мансуб ёлғиз яшовчи кекса фуқаролар сирли тарзда бирин-кетин ғойиб бўла бошлайди. Ўша даврда аксарият руслар Россияга, фарзандлари ва яқинларининг олдига кўчиб кетаётганлиги учун бу йўқолишлар ҳеч кимнинг эътиборига тушмади. Билганлар ҳам уй-жойини сотиб, кўчиб кетибди, деган ўйда бўлган. Аслида уларни аянчли ажал ўз домига тортиб кетган эди.

Олинмаган нафақа пули

2006 йилнинг 22 июнь куни фуқаро Анна Переплётчикова Зарафшон шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, таниши Цыба Василий бир неча кундан бери дом-дараксиз йўқолганлиги ҳақида хабар қилади. Шаҳар прокуратураси ва шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан дарҳол тезкор қидирув тадбири бошлаб юборилади. Цыба Василийни таниганлар у квартирасини сотиб, Россияга кетганини айтишади. Аммо ҳолат шубҳали эди.

Текшириш давомида Цыба Василий Зарафшон шаҳридан доимий рўйхатдан чиқмаганлиги маълум бўлади. Шунингдек, у кейинги икки ой давомида нафақа пулини ҳам олмаганди. Ишнинг бу нуқтаси ҳам тезкор ходимларда шубҳа уйғотади. Йўқолган фуқаро қотиллик қурбони бўлган, деган эҳтимолда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади ва тергов ҳаракатларига киришилади.

Фош бўлган “маклер” 

Яқин орада ИИБга ҳеч ким бедарак йўқолганлар ҳақида мурожаат қилмаганлиги туфайли Цыба Василийни излаш ишлари бироз мушкул ва натижасиз давом этарди. У чиндан ҳам дом-дараксиз йўқолганди. Шунинг баробарида, Россияга ҳам кетмаганлиги аниқ эди. Қўшнилари билан суҳбатлашилганида, у спиртли ичимликларга муккасидан кетганлиги, охирги пайтларда уйига нотаниш, шубҳали одамлар келиб-кетиб юрганлиги, айниқса, Мухтор исмли шахс билан яқин бўлганлиги ойдинлашади. Қўшнилардан бири тахминан бир ой олдин Мухтор 2-3 нафар шериги билан келиб, Цыба Василийнинг айрим уй жиҳозларини тракторга ортиб, унинг ўзини ҳам машинага миндириб кетганлигини айтади. Шу тариқа, кейинги вақтларда шаҳарда кимлар уй-жой олди-сотдиси билан шуғулланаётганлиги кузатув остига олиниб, турли тахминлар ишлаб чиқилади ҳамда қидирув ва тергов ишлари кучайтирилади. Ниҳоят орадан икки кун ўтгач, шаҳарда Мухтор исмли шахс “маклер”лик қилиб юриши аниқланди.

1,5 суткалик тезкор “операция” 

Мухтор Абдуллаевдан Цыба Василий ҳақида сўралганида, у ҳақиқатдан бу фуқарони танишини, Цыба тахминан бир ой олдин доимий яшаш учун Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида истиқомат қилувчи қизининг уйига кўчиб кетганлигини, уни шахсан ўзи кузатиб қўйганлигини билдирган. Аммо Мухтор Абдуллаев тинтув қилинганида, кутилмаганда унинг ёнидан Цыба Василийнинг фуқаролик паспорти топилади. Чорасиз қолган “маклер” Цыба Василийнинг ўлими унинг кўрсатмасига асосан жияни Бахтижан Ашилов ва божаси Талғат Айимбетов томонидан содир этилганлигини маълум қилади.

Тун бўлишига қарамай Зарафшон шаҳар ИИБ шахсий таркиби жалб қилиниб, Мухтор Абдуллаевнинг шерикларини қўлга олиш “операция”си бошланади. Чунки, тонг ёришиб, Мухторнинг қўлга тушгани ҳақидаги хабарлар тарқалгач, унинг жиноий шериклари қочиб кетиши аниқ эди. Ходимлар ишлаб чиқилган режа асосида учта гуруҳга бўлинади. Олиб борилган тадбирлар натижасида 1,5 сутка давомида жиноятчиларнинг барчаси қўлга олинади.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати
Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Қимматга тушган протез тиш

2006 йил 9 июнь куни соат 18:00лар атрофида Мухтор Абдуллаев шериги Талғат Айимбетов билан Цыба Василийни протез тиш қўйдириб берамиз, дея алдаб, Конимех туманидаги “Престиж” кафесига олиб боришади. У ерда уларни жиноий уюшманинг яна бир аъзоси Бахтижан Ашилов кутиб олади. Улфатчилик авжига чиқади, кўп миқдорда спиртли ичимлик ичилади. Жиноий гуруҳнинг мақсади Цыба Василийни маст қилиш эди. Шундай ҳам бўлади. Қотиллар маст ҳолатдаги Цыбани “Конимех-Зарафшон” йўлида, чўлга олиб боради. Бахтижан Ашилов уни ёнидаги ип билан бўғиб ўлдиради. Кейин Талғат Айимбетов билан жасадни чуқурга судраб бориб, ёқиб юборишади. Сўнгра телефон орқали Мухтор Абдуллаевга иш якунига етгани ҳақида хабар беришади.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Тергов вилоят прокуратурасига ўтди

Бу биринчи ҳолат эмасди. Мухтор Абдуллаев бошчилигидаги жиноий гуруҳ Цыба Василийдан ташқари яна 6 кишини мол-мулкига эгалик қилиш учун шу услубда ўлдириб юборганди. 2 кун ичида бу жиноятлар ҳам фош этилиб, жиноий гуруҳнинг қолган аъзолари – Алижон Қўлдошев, Низом Саидов, Наримон Ҳамроев Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятидагиўз хонадонларида қўлга олинади. Иш кўлами катталиги учун терговни давом эттириш вилоят прокуратурасига ўтказилади. Қизилқум чўлининг турли нуқталаридан жиноий гуруҳ қурбонига айланган шахсларнинг жасадлари ковлаб олинади. Жасадлар ёқиб юборилгани сабабли суяк қолдиқлари ва кийимлари асосида таниб олиш учун ўнлаб экспертизалар тайинланади.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати
Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати
Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Барчаси қандай бошланган эди?

Муқаддам ҳам судланган Мухтор Абдуллаев тайинли иш тополмаганидан уй олди-сотдиси билан шуғуллана бошлайди. 2005 йил июнь ойида у Ольга Титова исмли аёл билан танишиб қолади. Гап орасида Ольга шаҳарда Алия Ковалева исмли аёл 1 хонали квартирасини сотмоқчи эканлигини айтиб беради. Сабаби, Алия доимий равишда спиртли ичимлик истеъмол қилгани учун қарзи кўпайиб кетганди. Шундан сўнг Мухтор Ольга Титова билан Алия Ковалеванинг олдига боради ва гаплашади. “Маклер” дарҳол харидор топиб, уйни унинг номига расмийлаштиради ва 2 млн 800 минг сўм пулни санаб олади. Уйи сотилган Алия Ковалевани эса Ольга Титованинг ёрдами билан Наталья исмли аёлнинг уйига кўчириб ўтказади. Аммо орадан бироз вақт ўтгач, Наталья Тимченко Алиянинг ароқхўрлигидан безор бўлиб, уни уйидан чиқариб юборади. Бу ҳолат Мухтор учун бошоғриғи эди. Шу сабабли у Ольга Титова билан жанжаллашиб қолади. Ольга эса Мухторга Алияни чўлга чиқариб, ўлдириб юбориш кераклигини, барибир унинг сўровчи ҳеч кими йўқлигини маслаҳат беради. 

2005 йилнинг июль ойида Мухтор Абдуллаев куёви Алижон Қўлдошев ва жияни Наримон Ҳамроев билан 1938 йилда туғилган фуқаро Алия Ковалевани Томди туманидаги Роҳат фирмасига бориб келамиз, дея алдаб, чўл ҳудудига олиб боришади. Бўғиб ўлдирилган аёлнинг мурдаси устига шох-шабба ташлаб, ёқиб юборилади.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Навбатдаги “ўлжа”

Ўлдирилган Алия Ковалевани ҳеч ким изламаганидан илҳомланган Мухтор Абдуллаев уйини сотиб, бошқа шаҳарга кўчиб кетмоқчи бўлиб юрган инсонларни қидира бошлайди. Жиноий гуруҳнинг навбатдаги қурбони 1945 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Раиса Сабо бўлди.

2005 йилнинг сентябрь ойида қотил “маклер” уйини сотиб, Тошкент шаҳридаги қариндошлари ёнига кетмоқчи бўлиб юрган Раиса Сабога тазйиқ ўтказиб, уйини бозор нархидан анча арзонга – 4 млн сўмга соттиришга эришади. Мухтор уй янги эгаси номига расмийлаштирилгач, пулларни эгаллаб олади. Сўнгра жиноий гуруҳ аъзолари сентябрь ойининг ўрталарида Раиса Сабони Тошкент шаҳрига олиб бориб қўямиз, дея машинага миндириб, олиб кетишади. Конимех тумани ҳудудидаги овлоқ жойга боргач, ҳар сафарги каби аёлни бўғиб ўлдиришади ва жасадини ёқиб, кўмиб ташлашади.  

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Яхшилик билан тугамаган жанжал

Мухтор Абдуллаев бошчилигидаги жиноий гуруҳ Зарафшон шаҳридаги уй олди-сотдисида гўёки “монополия” ўрнатади. Бу ишларга Ольга Титованинг ҳам ёрдами тега бошлайди. Чунки у шаҳарда ёлғиз яшовчи қарияларнинг кўпини танирди. 2005 йилнинг декабрь ойида Ольга таниши, 1957 йилда туғилган Наталья Тимченко квартирасини сотиб, дала ҳовли олмоқчи эканлигини хабар қилади. Режага мувофиқ Мухтор Абдуллаев, Наримон Ҳамроев, Ольга Титова, Низом Саидов ва Талғат Айимбетов Натальянинг уйига келиб, зиёфат уюштиради. Спиртли ичимликдан маст бўлган Наталья Тимченко тазйиқ билан уйини бозор нархидан анча арзонга – 4 млн 600 минг сўмга сотишга кўндирилади. Дарҳол харидор топилиб, уй расмийлаштирилади ва пуллар қўлга киритилади. 2006 йилнинг январь ойида жиноий гуруҳ шаҳар четидаги “Мераж” дала-ҳовлилар жамиятидан 4 500 АҚШ долларига дала ҳовли сотиб олишади ва шу ерда жиноий режалар туза бошлайди. Уйсиз қолган Наталья Тимченкога шу дала ҳовлидан вақтинча яшаш учун шароит қилиб беришади.

Уй-жойидан айрилган Наталья ичиб олиб, тез-тез жанжал кўтарадиган одат чиқаради. Кўзларига ҳеч нарса кўринмай қолган жиноий гуруҳ 2006 йил апрель ойида уни Низом Саидовнинг машинасига миндириб, Зарафшон шаҳридан 25 км олисга, Томди туманидаги чўл ҳудудига олиб боришади. Афсуски, Натальянинг пешонасига ҳам қолганларнинг қисмати ёзилганди: у бўғиб ўлдирилади ва жасади ёқиб, кўмиб юборилади.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Саёҳ юрган таёқ еди

Навбатдаги “юриш”да Мухтор Абдуллаевнинг тузоғига 1982 йилда туғилган, украин миллатига мансуб Павел Богородский илинади. “Маклер”га шаҳар кўчаларида сархуш юрган Павел дуч келиб қолади. Ёш бўлишига қарамай ичкиликка берилган бу йигитчага Мухторнинг “ёрдам бергиси” келади ва уни далаҳовлига олиб боради. Аслида жиноий гуруҳ бу йўл орқали навбатдаги режани амалга ошириш учун Павелнинг ишончига кираётганди.

Тўда Павел Богородскийнинг уйини қўлга киритиш учун унинг қарзларини тўлайди, уйни наридан бери таъмирлайди ва бунга 1 млн сўмга яқин пул сарфлайди. Шундан сўнг Мухтор Павелга харидор топиб келади. Ўзаро савдодан сўнг 3 хонали уй 7 200 АҚШ долларига сотилади. Павел эса тўданинг дала ҳовлисига кўчириб келинади.

2006 йилнинг май ойи бошларида Мухтор Абдуллаев шериги Низом Саидовга қўнғироқ қилиб, тезда далаҳовлига келишини айтади. Кейин унинг машинасида Конимех туманига бориб, ароқ ичишади. Маст бўлган Павелни машинага ўтқазишиб, “Зарафшон-Навоий” йўлининг 88-километрига олиб келишади ва чўл ичига киришади. Тоза ҳаво олмоқчи бўлган Павел машинадан тушади. Афсуски, бу унинг тоза ҳаводан сўнгги бор нафас олиши эди.У ҳам бўғиб ўлдирилади ва ёқилган жасади кўмиб ташланади.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Эчкининг ўлгиси келса, қассоб билан ўйнашади

Мухтор Абдуллаев бошчилигидаги жиноий гуруҳ ўзгаларнинг мол-мулкини қўлга киритиб, айшини суриб юраверади. Аммо бир куни муаммо пайдо бўлади.

Ольга Титова ҳақида юқорида ҳам айтиб ўтилди. У жиноий тўдага “ўлжа” топиб беришга кўмаклашиб келган. 1958 йилда туғилган, ҳамшира бўлиб ишловчи бу аёлнинг ўзи ҳам ёлғиз эди. 

Ольга Мухторга шаҳардан 2 хонали уй олиб берасан, йўқса қилган жиноятларингни тегишли органларга айтиб бераман, дея шантаж қила бошлайди. Аввалига “маклер” унга эътибор қилмайди. Чунки ўлдирилган инсонларнинг аксариятини Ольга топганди. Бироқ унинг шантажи кун сайин кучайиб борарди. Орадан 2-3 кун ўтиб, дала-ҳовлида навбатдаги зиёфат уюштирилади ва Ольга маст бўлади. Шунда Мухтор Талғат ва Низомни чақириб, ҳар доимги топшириғини беради.

2006 йил май ойининг ўрталарида жиноий гуруҳ Ольга Титовани Навоий шаҳрига бориб-келамиз, дея олиб чиқиб, “Зарафшон-Навоий” йўлининг 15-километрида чўл ичкарисига олиб киришади. Афсуски, “ёрдамчи”нинг шантажи кечирилмаганди: у бўғиб ўлдирилади ва ёқиб юборилади.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Поездга етолмаган йўловчи

Жиноий тўда кундан-кунга қутуриб борарди. Шаҳарнинг қайси бурчагида ичкиликка ружу қўйган одам бўлса, “меҳр-мурувват” кўрсатиш баҳонасида дала-ҳовлига олиб келина бошлайди. Шундайлардан бири 1944 йилда туғилган Сарокин Генадий бўлди.

Мухтор Абдуллаев Сарокинни мажбурлаб, унинг квартирасини ўзлари топган харидорга 6 300 АҚШ долларига соттиради. Сўнгра унга поездга чипта олиб беришади. Сарокин кетиш олдидан жиноий тўданинг аъзоларига зиёфат беради.

2006 йил 9 июнь куни Мухтор Абдуллаев шерикларини чақириб, навбатдагисини “тинчитиш” ҳақида кўрсатма беради. Улар Сарокинни машинага миндириб, “Зарафшон-Учқудуқ” йўналиши томон йўлга чиқишади. Овлоқ жойга етгач, яна ўша “сценарий” такрорланади.

Ўлим жазоси

Қотил “маклер”нинг жиноий тўдаси ҳақидаги иш ўша йилларда шов-шувга айланади. Бу жиноятни очишда ИИБ ва прокуратура органларининг кўплаб ходимлари, криминалистлар иштирок этади. Тергов жараёнида 300 нафардан ортиқ гувоҳлар сўроқ қилинган, 30га яқин суд-экспертизаси тайинланган. Тўпланган далиллар билан жиноий гуруҳ қилмишлари тўлиқ исботини топган.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судининг ҳукми билан Мухтор Абдуллаев, Бахтижан Ашилов ва Талғат Айимбетовга нисбатан ўлим жазоси тайинланади. Низом Саидов 20 йил, Наримон Ҳамроев 17 йил, Алижон Қўлдошев эса 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади.

Руслан Сабуров,

Kun.uz мухбири

Материал Навоий вилояти ИИБ билан ҳамкорликда тергов материаллари асосида тайёрланди.

Top