Ўзбекистон | 14:35 / 19.02.2022
1447
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда тадбиркордан пул талаб қилган товламачилар ушланди

Фото: Тергов департаменти

2022 йил 14 февраль куни Пахтачи туман Тадбиркор маҳалласида фаолият юритиб келаётган 49 ёшли тадбиркор Т.С. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. У аризасида қонуний фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилиб, ўзидан пул талаб қилаётган икки нафар шахсга чора кўришни сўраган.

Унинг аризасига кўра, Тадбиркорлар маҳалласида яшовчи 67 ёшли А.К. ва 63 ёшли Қ.Б. Т.С.га тегишли бўлган савдо дўконларини юритишига тўсқинлик қилиб, турли хил уйдирмалар билан юқори турувчи органларга шикоят қилган.

Т.С. улардан нега органларга шикоят қилишгани ҳақида сўраганида Қ.Б. 1,5 миллион сўм, А.К. эса 15 миллион сўм берса, органларга унинг тадбиркорлик фаолияти юзасидан ариза билан мурожаат қилмасликларини ва тинч қўйишларини айтишади.

Мазкур аризага асосан, 2022 йил 14 феврал куни соат 17:00 ларда Пахтачи туман ИИБ ЖҚБ ҳамда Нарпай туман ДХХ бўлинмаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда А.К. ариза муаллифидан 15 миллион сўмга ҳисоблаб 1500 доллар, Қ.Б. эса 100 доллар олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Пахтачи туман ИИБ тергов бўлинмаси томонидан А.К. ва Қ.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда улар иш бўйича гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид