Ўзбекистон | 18:24 / 22.02.2022
19785
2 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors Malibu-2 учун шартнома тузишни тўхтатди

Янги аризалар қабул қилиш қачон бошланиши номаълум.

Фото: UzAuto Motors

UzAuto Motors 2022 йилнинг 22 февраль кунидан «Мalibu 2» автомобилини сотиш бўйича янги аризалар қабул қилишни тўхтатди.

Kun.uz мухбири боғланган компания расмий вакилининг сўзларига кўра, бу вақтинчалик ҳолат. Март ойидан бошлаб ушбу русумдаги автомобиллар учун шартнома тузиш яна қайта тикланиши мумкин, аммо аниқ муддат бўйича маълумот берилмаган.

«Бу моделдаги автомобиллар учун хориждан ускуналар келади ва биз уларни йиғиб, мижозларга етказиб берамиз. Бунда ўзининг белгиланган миқдори бўлади ва бу миқдор бўйича шартномалар тўлиқ тузиб бўлинган.

Кейинги йиғиладиган автомобиллар сони аниқ бўлгандан кейин шартномалар қабул қилишни яна бошлаймиз. Бу қачон бошланиши бўйича аниқ маълумот йўқ. Март ойида очилиб қолиш эҳтимоли бор», деган компания ходими.

Шунингдек, «Мalibu 2»нинг нархи оширилиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларга аниқлик киритилмаган.

Аввалроқ, UzAuto Motors яримўтказгичлар етишмовчилигини сабаб сифатида келтириб, 2021 йилнинг 20 декабридан 2022 йилнинг 1 февралигача Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларини сотиш бўйича янги аризаларни қабул қилишни тўхтатганди. Аммо 1 февралдан бу жараён қайта тикланмади.

Мавзуга оид