Жаҳон | 11:12 / 23.02.2022
41936
8 дақиқада ўқилади

Сенаторлар Путинга армиядан хорижда фойдаланишга рухсат берди

Россия Федерацияси кенгаши бир овоздан президент Владимир Путиннинг мурожаатини қўллаб-қувватлади ва мамлакат қуролли кучларидан хорижда фойдаланиш учун рухсат берди. Бу Россия президенти ДХР ва ЛХРни тан олиши билан боғлиқ. Путиннинг тегишли фармонларига кўра, Россия Донбассдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларга ҳарбий ёрдам кўрсатади.

Фото: STRINGER/TASS

Путиннинг рус армиясидан хорижда фойдаланиш учун рухсат сўраб Федерация кенгашига мурожаат қилгани ҳақида сенаторлар овоз бериш жараёнига киришидан бир неча дақиқа олдин маълум бўлди. Аввалроқ сешанба куни парламентнинг юқори палатаси ёпиқ йиғилиш ўтказиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Кейин бу йиғилишни очиқ ўтказишга қарор қилишди ва жараён Федерация кенгаши сайтида намойиш этилди.

Путиннинг шундай мурожаати ҳақида спикер Валентина Матвиенко хабар берди. Кейин сенаторлар қаршисида мудофаа вазири ўринбосари Николай Панков чиқиш қилди, Путин уни ўзининг расмий вакили сифатида танлаган. У Донбассдаги вазият кескинлашаётгани ва Россия бу ҳудуддаги аҳолини ўз ҳимоясига олиши кераклиги ҳақида гапирди.

Кейин конституцион қонунчилик қўмитасига раислик қилувчи сенатор Андрей Клишас қуролли кучлардан хорижда фойдаланиш бўйича мурожаат 22 февраль куни келиб тушганини маълум қилди. Бу мурожаат бир кун олдин қабул қилинган қарор билан боғлиқ.

Душанба куни Путин миллатга телемурожаатида Донбассда ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикалар - ДХР ва ЛХРни тан олиш қарори ҳақида маълум қилганди. Унинг баёноти россияликларнинг Украинага босқини рўй бериши ҳақида ойлар мобайнида янграб келган хавотирлар давомида рўй берди - бир неча кун олдин гўёки украиналик ҳарбийлар Донбассни ўққа тута бошлагани ва вазият кескинлашгани ҳақида хабарлар тарқатилганди.

Бу қарор қабул қилинган кун аввалида Путин бу масалани Россия Хавфсизлик кенгашида муҳокама қилди - бу маросим телевидение орқали намойиш этилди (аммо бу жонли эфир эмасди). Ўша куни кечқурун Россия давлат телевидениесида Путин тан олиш тўғрисидаги фармонларни, шунингдек ДХР ва ЛХР раҳбарлари билан дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни имзолаётгани кўрсатилди.

Фармонларда Россия мудофаа вазирлиги мамлакат қуролли кучлари ДХР ва ЛХР ҳудудларида «тинчлик сақланиши»ни таъминлаши кераклиги кўрсатилган. Келишувлар эса ушбу республикалар чегараларини Россия билан биргаликда қўриқлашни, шунингдек ушбу ҳудудлардаги ҳарбий базалар ва ҳарбий инфратузилмалардан биргаликда фойдаланиш имкониятини кўзда тутади.

«Қуролли кучлардан хорижда фойдаланиш бўйича - хўш қандай қилиб? Албатта, биз кеча келишувлар имзоладик. ДХР ва ЛХР билан тузилган бу битимларда тегишли пунктлар бор, унга кўра биз бу республикаларга тегишли ёрдамларни, жумладан ҳарбий ёрдам кўрсатишимиз мумкин», - деди Путин сешанба куни кечқурун журналистлар саволларига жавобан.

Сешанба куни кундузи аввалига Давлат думасида, кейин Федерация кенгашида бу келишувлар ратификация қилинди. Депутатлар ҳам, сенаторлар ҳам бир овоздан келишувларни ёқлашган.

Яна бир якдил овоз бериш
 
Кечқурунги йиғилишда чиқиш қилган сенатор Клишас қўшинлардан хорижда фойдаланиш масаласи Федерация кенгашида кўриб чиқилишини маълум қилди. Ҳолбуки Федерация кенгашининг 2006 йил 7 июлдаги (219-СФ), 2009 йил 16 декабрдаги (456-СФ) ва 2015 йил 30 сентябрдаги (355-СФ) қарорлари билан Путинга Федерация кенгаши маъқулловисиз ҳам қуролли кучлардан хорижда фойдаланиш ҳуқуқи берилганди.

Клишас мурожаат Путиннинг ДХР ва ЛХРни тан олиш тўғрисидаги фармонлари асосида келиб тушганини айтди, унинг сўзларига кўра, бу «минтақада тинчликни таъминлаш зарурати» туфайли. Унинг қўмитаси мурожаатни қўллаб-қувватлади. Фармон матнига кўра, ҳарбий контингент ҳажми Путин томонидан белгиланади.

Мудофаа бўйича қўмита раиси, сенатор Виктор Бондарёв Клишасдан кейин нутқ сўзлади. У ҳам ўз қўмитаси номидан «халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланган ҳолда» қуролли кучлардан хорижда фойдаланиш учун рухсат беришни тавсия этди.

Халқаро муносабатлар қўмитаси ҳам розилик берди, буни қўмита раиси Григорий Карасин маълум қилди. Ҳисобот берган сенаторларнинг ҳеч бирида бу масалада саволлар туғилмаган.

Биринчи мартаси эмас

Шундан сўнг сенатор Константин Косачев сўз олди ва Федерация кенгаши «шунга ўхшаш қарор» қабул қилиши, жумладан Украинага нисбатан биринчи марта эмаслигини эслатди. Сенаторлар 2014 йилда ҳам Путинга армиядан фойдаланишга рухсат беришган, шунингдек 2015 йилда Сурияда ҳарбий амалиёт бошланишидан олдин шундай бўлганди.

Косачевнинг нутқидан англаш мумкинки, Путин ҳарбийлардан фойдаланиш учун рухсат олиш орқали Донбассда тинчликни таъминлаш имконига эга бўлади. У сўнгги саккиз йил Украина халқи учун «муҳим сабоқ» бўлишини, бу эса «Майдан каби воқеалардан қочиш имконини бериши»ни, шунингдек, ўз давлатчилиги ва суверенитетини қайтариб олишни сўради.

Шу каби риторика Россия Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши вақтида ҳам (унда Путин иштирокчилардан ЛХР ва ДХР тан олиниши бўйича ўз муносабатларини билдиришни талаб этганди), шунингдек Россия президентининг миллатга телемурожаатида ҳам янграганди.

Сенатор Юрий Воробьев қуролли кучлардан фойдаланиш ҳамиша ҳам ҳарбий амалиётга айланавермаслиги ҳақида гапирди. У Россия ва Донбассдаги республикалар ўртасидаги дўстлик тўғрисидаги келишув ратификациясидан кейин Москва бу ҳудудлар ҳимоясини ўз зиммасига олганини эслатди. У Киевга буни «ҳимоя чоралари» сифатида кўришни таклиф этди.

Спикер Матвиенко ҳам қуролли кучлардан фойдаланишга розилик беришни сўраган. «Бу тинчликпарвар кучлар бўлишидан келиб чиқишимиз керак», деган у.

У ҳар бир сенатор ўз танловини амалга ошириши мумкинлигини таъкидлаган.

Якунда 153 сенатор «ҳа» деб овоз берган, яъни барча бир овоздан қуролли кучлардан хорижда фойдаланишга рухсат беришни маъқуллаган. Розилик Россия президентига юборилган.

«Мен ҳарбийлар бизнинг сиз билан учрашувимиздан кейиноқ у ерга етиб боради демадим. Эҳтимолий ҳаракатларни олдиндан айтиб бериш мумкин эмас. Бу маълум жойда кузатиладиган муайян вазиятга боғлиқ», деган Путин журналистлар билан учрашувда.

Ғарб мамлакатлари ва Украина ДХР ҳамда ЛХР тан олинишини халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши деб аташмоқда ва санкциялар тайёрлашмоқда. Улар Кремлнинг кейинги қадами ҳарбий кескинлик янада ўсишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирга тушишмоқда. Бундай ҳолатда янада қатъийроқ санкциялар қўлланиши мумкин.

Чегара масаласи

ЛХР ва ДХР Украина таркибида бўлган Донецк ва Луганск вилоятларининг бир қисминигина назорат қилади, лекин 2014 йилгача бўлган чегараларига ҳам даъво қилади. 

Федерация кенгаши йиғилишидан кейин Путин Россия ДХР ва ЛХРни улар Украина таркибида бўлган вақтдаги чегараси билан тан олишини айтди. Яъни Россия бугун Киев назоратида бўлган Донецк ва Луганск вилоятлари ерлари ҳам ДХР ва ЛХРга тегишли деб тан олишини таъкидлади.

«Биз ДХР ва ЛХРни тан олдик, демак барча фундаментал қонунларини ҳам тан оламиз. Уларнинг конституциясида эса Украина ҳудудида бўлган вақтдаги ҳудудларини ўзиники деб билиши қайд этилган. Умид қиламан, чегара масаласи Киевнинг ҳозирги раҳбарияти билан бирга ҳал қилинади. Лекин бу осон бўлмаслиги аниқ», деди Путин.

Путиннинг қўшимча қилишича, Минск келишуви ҳақида энди унутса ҳам бўлади.

«Минск келишувлари муроса бўлган, у барча томонлар учун қийин эди. Киев Минск келишувларини Россия ЛХР ва ДХРни тан олишидан олдинроқ ўлдирганди.

Энди Минск келишувлари ортиқ мавжуд эмас. Ахир биз ДХР ва ЛХРни тан олиб бўлдик-ку?» деди Путин.

Мавзуга оид