Жаҳон | 08:31 / 25.02.2022
14669
3 дақиқада ўқилади

Дариға Назарбоева депутатликдан воз кечганини маълум қилди

Фото: Қозоғистон Сенати

Қозоғистон собиқ президентининг тўнғич қизи, парламент мажлиси (қуйи палата) депутати Дариға Назарбоева парламент депутати сифатида истеъфога чиққанини маълум қилди, деб хабар бермоқда Zakon.kz.

«Бугун мен парламент депутатлигидан воз кечиб, бутун эътиборимни ижтимоий, гуманитар, маданий ва хайрия ишларига қаратишга қарор қилдим. 

«Нур Отан» партиясига овоз берган қозоғистонликлар, партиядошларим ва мамлакат раҳбариятига менга ишонч билдиргани учун миннатдорчилик изҳор этаман.

Фожиали январь воқеалари тинч осмонсиз, Қозоғистон халқининг бирлигисиз мамлакатимиз равнақи ва ривожи юз бермаслигини кўрсатди. Бўлиб ўтган барча воқеалар бутун халқимиз учун катта фожиадир.

Бўлиб ўтган воқеани чуқур ва холисона ўрганиш, айбдорларга жазо бериш, бегуноҳлар озодликка чиқиши зарур, деб ҳисоблайман. 

Барчамиз, қозоғистонликлар, бутун жамиятимиз «қора январ»дан аччиқ хулоса чиқаришимиз ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги учун қўлимиздан келганини қилишимиз керак. Бу - даҳшат ва қўрқувга тўла фожиали кунлар анархия нималарга олиб келиши мумкинлигини кўрсатди. 

Ватанимизнинг бугуни ва келажаги йўлида, унинг миллий суверенитети ва мустақиллигини асраб-авайлаш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлида жамиятнинг ҳамжиҳатлигини намоён этишимиз зарур. 

Мен ватаним ва унинг манфаатларига хизмат қилишда давом этаман. Бунинг учун лавозимлар керак эмас», — дейилади депутат Дариға Назарбоеванинг мурожаатида.

Аввалроқ, Дариға Назарбоева Қозоғистон парламенти ялпи мажлисида қатнашмаётгани хабар берилганди.

Унинг ҳамкасби, ҳукмрон «Нур Отан» партиясидан депутат Айдос Сарим Назарбоева истеъфога чиқиши кераклигини айтган эди. Журналистларнинг собиқ президент қизи нега бундай қилиши кераклиги ҳақидаги саволига у Қозоғистондаги январь воқеалари «унинг номи билан» боғлиқ экани, «жамиятда катта ишончсизлик ва норозилик бор, бунга бутун дунё бўйлаб истеъфо орқали эришилади, шунинг учун реакция билдириш зарурлиги» ҳақида айтган эди. 

Қозоғистонни қарийб 30 йил бошқарган Назарбоев 2019 йилнинг 20 мартида президентликдан кетди, бироқ ўшанда Хавфсизлик кенгаши раҳбари, ҳукмрон «Нур Отан» партияси етакчиси ва Қозоғистон Халқ ассамблеяси раҳбари лавозимларини сақлаб қолган эди. 

2021 йил апрелида Назарбоев Қозоғистон Халқ ассамблеяси раиси лавозимини тарк этиши ва бу ваколатларни республиканинг амалдаги раҳбарига ўтказиш ҳақидаги қарорини эълон қилди. Назарбоев 5 январь куни, мамлакатдаги оммавий тартибсизликлар вақтида Хавфсизлик кенгаши раиси ваколатларини Қосим-Жўмарт Тўқаевга топширди. 

«Нур Отан» партияси эса 28 январь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари қурултойида собиқ президент томонидан номзоди таклиф этилган Тўқаевни партия раиси этиб сайлади. 

Мавзуга оид