Ўзбекистон | 15:41 / 26.02.2022
30283
5 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон вазмин, нейтрал позицияда” — Шерзод Асадов

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев РФ президенти Владимир Путин билан суҳбатда Россия ва Украина вазиятни ҳал қилишнинг ўзаро мақбул йўлларини тез фурсатда топишлари, кескинлик ортишига йўл қўйилмаслигига умид билдирган. Бу ҳақда маълум қилган президент матбуот котиби Шерзод Асадов “Ўзбекистон бу масала бўйича вазмин, нейтрал позицияда” эканини алоҳида таъкидлади. Унга кўра, расмий Тошкент барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим деб ҳисоблайди.

Шерзод Асадов / Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов 25 феврал куни Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўртасида кечган телефон мулоқоти борасида иккита томоннинг расмий релизи бир-биридан фарқ қилиши бўйича изоҳ берди.

“Кечадан буён мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ва блогерларидан Ўзбекистон ва Россия Президентларининг яқинда бўлиб ўтган телефон мулоқоти якунларига изоҳ беришимни сўраб, мурожаатлар келиб тушмоқда.

Шу муносабат билан ҳамкасбларимизга қуйидагиларни маълум қилмоқчиман.

Икки томонлама муносабатларнинг кенг кўламли кун тартибида турган долзарб масалалардан ташқари, Ўзбекистон ва Россия етакчилари Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Россия Президенти давлатимиз раҳбарига махсус ҳарбий операцияни ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қарорнинг сабаблари ва шарт-шароитлари ҳақида маълумот берди. 

Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, томонлар вазиятни ҳал қилишнинг ўзаро мақбул йўлларини тез фурсатда топишлари ва унинг янада кескин тус олишига йўл қўйилмаслигига умид билдирди.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон бу масала бўйича вазмин, нейтрал позицияда.

Мамлакатимиз азалдан ҳам Россия, ҳам Украина билан яқин, дўстона муносабатларга эга. Биз кенг минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт бўлишидан манфаатдормиз. Барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим”, – дея ёзди Шерзод Асадов Telegram-каналида.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 феврал, Россиянинг Украинага босқинининг иккинчи кунида Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотда бўлди. РФ раҳбари шу куни Хитой раиси Си Жинпинг билан ҳам қўнғироқлашган.

Мазкур мулоқотлар юзасидан Кремл тарқатган расмий релизлар Ўзбекистон ва Хитой томони берган баёнотлардан фарқ қилади. Хусусан, Россия президентининг матбуот хизмати хабарларида Ўзбекистон ва Хитой етакчилари гўёки Украинага босқинни “тушуниши”, Россиянинг бу ҳаракатларига “ҳурмат билан қараши”ни таъкидлагани айтилади. Ваҳоланки, Тошкент ва Пекиннинг расмий баёнотларида бундай гап йўқ.

Расмий Тошкентнинг хабарида, Ўзбекистон ва Россия президентлари ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари, хусусан турли соҳаларда аввалроқ эришилган келишувлар ижросини муҳокама қилгани билдирилган.

“Халқаро ва минтақавий кун тартиби, шу жумладан Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди”,дейилади Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабарида.

Кремл сайтидаги расмий ахборотда эса Украинадаги вазият суҳбатнинг асосий мавзуси бўлганига ишора қилинган.

“Донбассдаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш, шунингдек Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш мақсадида махсус ҳарбий операция ўтказилаётгани муносабати билан воқеалар ривожининг бориши муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев Россия томонидан амалга оширилаётган ҳаракатларни тушунишини билдирди”,дейилади Россия президентининг матбуот хизмати хабарида.

Шу каби ҳолат, яъни томонларнинг урушга муносабатига оид баёнотлардаги тафовут Путин ва Хитой раиси Си Жинпинг ўртасидаги суҳбатдан кейин ҳам рўй берди.

“Си Жинпинг юзага келган инқирозли вазиятда Россия раҳбариятининг ҳаракатларига ҳурмат билан муносабатда бўлишини таъкидлади”, – дейилади Кремл ахборотида.

Бироқ бундай маълумот Хитой томонининг расмий релизида йўқ. Хитой ҳукумати нуқтайи назарини ифодаловчи Синьхуа ахборот агентлигига кўра, суҳбат давомида Си Жинпинг “совуқ уруш менталитетидан воз кечиш”га чақирган.

“Хитой барча мамлакатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳамда БМТ Низомининг мақсад ва принципларига риоя этишга асосланган ўз позициясида собит.

Си Жинпинг Хитой умумий, кенг қамровли, ҳамкорликка асосланган ва барқарор хавфсизлик концепциясини қўллаб-қувватлаш ҳамда БМТга асосланган халқаро тизим ва халқаро ҳуқуққа асосланган тартибни қатъий ҳимоя қилиш учун жаҳон ҳамжамиятининг барча томонлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди”, – дейилади Хитой томонининг расмий релизида.

Эслатиб ўтамиз, 25 феврал куни БМТ Хавфсизлик кенгашида Россиянинг Украинага бостириб кирганини қораловчи резолюция муҳокама қилинди, кенгашнинг 15 аъзосидан 11 нафари резолюцияни ёқлаб овоз берди.

Овоз беришда Хитой, шунингдек Ҳиндистон ва БАА бетараф қолди. Россия резолюция қабул қилинишига вето қўйди.

Мавзуга оид

Эълонлар

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани