Самарқандда Амир Темур қабри очилгани ҳақида миш-миш тарқалди. Фанлар академияси бу фейк эканини маълум қилди
Ижтимоий тармоқларда Самарқандда жойлашган Амир Темур қабри очилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Фанлар академияси хабар юзасидан муносабат билдирди.
Фанлар академиясининг муносабатида ёзилишича, айрим ижтимоий тармоқларда 2021 йил декабрида Фанлар академияси Президиумининг Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасида Амир Темур қабрини очиш бўйича қарори қабул қилингани ва 2022 йил 23 феврал куни археологлар томонидан мақбара очилгани ҳақида хабар тарқалган.
Таъкидланишича, ушбу хабар ёлғон. Фанлар академиясида ушбу масала муҳокама қилинмаган ва кун тартибига қўйилмаган. Археологлар томонидан ҳам ҳеч қандай қазишмалар олиб борилмаган ва режалаштирилмаган.
«Шу билан бир қаторда, хабарда келтирилган қазишма раҳбари деб айтилган Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий 1970 йилда вафот этган бўлиб, биринчи Ўзбекистон Фанлар академияси президенти ҳисобланади. Умуман олганда, ушбу хабар 1941 йилдаги маълумотлар асосида тайёрланган.
Маълумот тарзида қайд этиш лозимки, Амир Темур мақбараси 1941 йилнинг 16-22 июнь кунлари ҳукуматнинг махсус қарори билан очилган бўлиб, экспедицияга профессор Т.Қори-Ниёзий раҳбарлик қилган. Дастлаб Амир Темурнинг ўғиллари Мироншоҳ, Мирзо Шоҳруҳ, невараси Мирзо Улуғбекнинг, 1941 йилнинг 19 июнида эса ўзининг қабри очилган.
Ундан сўнг Амир Темурнинг невараси Муҳаммад Султоннинг қабри ҳам очилган. Антрополог М.М.Герасимов ўзи яратган усул билан Амир Темур, Мироншоҳ, Шоҳруҳ, Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Султонларнинг ҳужжатли портретларини яратган. 1942 йилнинг охирларига келиб, Амир Темур мақбарасидан қазиб олинган суяклар илмий жиҳатдан ўрганиб бўлингач, қайтадан ўз жойларига дафн этилган.
Ҳурматли журналист ва блогерлар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, бу каби асослантирилмаган ёлғон хабар ва маълумотларни тарқатмаслигингизни сўраб қоламиз!» дейилади муносабатда.
Маълумот учун, 1941 йил 19 июнда Амир Темур қабри очилган. Орадан икки кун ўтиб, Германия совет иттифоқига ҳужум қилган. Ўшанда халқ орасида «Амир Темурнинг қабри очилгани учун уруш бошланди», деган миш-мишлар тарқалган.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024