Иқтисодиёт | 08:13 / 27.02.2022
48551
6 дақиқада ўқилади

SWIFT’дан узилиш нима дегани?

Евроиттифоқ, АҚШ, Канада ва Британия Россиянинг Украинага босқини туфайли санкциялар остига тушган Россия банкларини SWIFT халқаро тўлов тизимидан узиш бўйича келишиб олишган. Россия банкларига қарши қўлланган санкциялар ҳозирча Россия марказий банки, «ВТБ», «Сбербанк», «Алфа-банк», «Откритие», «Газпромбанк», «Росселхозбанк», «Новиком», «Совком», «МКБ» банкларига таъсир қилади. Заруратга қараб бошқа банклар ҳам тизимдан узилиши мумкин.

Фото: Getty Images

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Ғарб Россияни SWIFT’дан узиш масаласини кенг муҳокама қилмоқда. SWIFT нима ўзи? Унинг аҳамияти қанчалик юқори? Телеграмдаги MacroBS канали шу ҳақда ёзди.

SWIFT дунё бўйича 11 мингдан ортиқ молиявий институтларни бирлаштирувчи ахборот алмашиш тизими ҳисобланади. Бельгияда жойлашган ва Европа Иттифоқи қонуни бўйича фаолият юритади.

Алоҳида айтиш керакки, SWIFT тўлов тизими эмас, балки ахборот алмашиш воситаси. Оддийроқ айтганда, ўз аъзоларига хабарлар юбориш имконини берувчи чат ёки телеграмдаги катта бир гуруҳга ўхшатиш мумкин. 

Унинг кўлами шу даражада каттаки, мазкур коммуникация ёрдамида кунига миллиардлаб давлатлараро транзакциялар амалга оширилади.

SWIFT’дан у ёки бу давлатни узиш одатда АҚШ ёки Европа давлатлари ўз душманларини қаттиқроқ жазоламоқчи бўлган пайт кўтарилади.

Аслида сиёсий бўлмаган бу тизим шунинг учун ҳам кўп танқидга учрайди. Яъни бу тизим Ғарб манфаатларига ён босади деб қаралади*. 

Россия қанчалик бу тизимга боғлиқ?

SWIFT аҳамияти шундаки, бу тизим Россиянинг 30 фоиз экспортини ташкил этувчи нефть маҳсулотлари учун тўловлар келиб тушишини таъминлайди. 

Ҳисоб китобларга кўра, SWIFT’га уланган Россиянинг 291 аъзосининг пул оқимлари жами пул оқимларининг 1,5 фоизини ташкил этади. Мазкур тизимда юборилувчи хабарлар сони бўйича Россия дунёда 6-ўринда туради. 

Бу жуда катта рақам – Россиянинг йиллик ўтказма ҳажми 800 млрд долларга етиши мумкин. Бу Россия Ялпи ички маҳсулотининг ярмидан бироз кўп дегани.

SWIFT муқобили мавжудми?

Назарий жиҳатдан – ҳа бор. Бироқ агар тез, ишончли ва осон пул ўтказишни хоҳласанг, унда йўқ. 

Нима учун бошқа шундай тизимда бунинг имкони паст? Бу АҚШ долларининг кучи билан боғлиқ. 

Глобал тўловларнинг ярми, халқаро савдонинг 90 фоизи АҚШ долларида амалга оширилади. SWIFT орқали юборилган хабар бўйича доллардаги тўловлар одатда бир-бири билан ўзаро ҳисобрақамга эга бўлмаган банклар ўртасида амалга оширилади. Бунинг учун одатда АҚШ тўлов тизимига уланган маълум бир корреспондент банк иштирок этади. 

Юқоридан кўринадики, АҚШ билвосита бўлса ҳам давлатлар ўртасидаги тўловлар амалга ошишига таъсир кўрсата олади. SWIFT’сиз ҳам АҚШ аллақачон Россиянинг йирик банкларини АҚШ молия тизимидан узишга улгурди ва Россия учун экспорт масаласини анча қийинлаштирди. 

Шундай бўлса-да, айрим лазейкалар, айниқса асосан долларда ҳисоб-китоб қилинувчи энергия маҳсулотлари экспорти учун сақланиб қолган. 

Газ бўйича Европа давлатларининг Россияга юқори боғлиқлиги туфайли унинг айрим аъзолари (Германия) энергия учун тўловларни тўхтатишга қаршилик қилишаётганди. Бошқача айтганда, жорий қилинган санкциялар санкция қилиш учун мақсад қилинмаганди.

Аммо вазият жуда жиддийлашиши ортидан ва халқаро босим остида Германия ҳам, Италия ҳам Россияни SWIFT’дан узишга қаршилик қилмаслигини маълум қилишмоқда. 

Россиянинг SWIFT'дан узилиши Россиянинг экспорт компаниялари учун тўлов қилишни деярли имконсиз қилади.  

*Бу тизим сиёсийлашишига ҳозир Россиядан бошқа деярли ҳеч ким қарши эмас.

«Иқтисодчи кундалиги» канали муаллифи Беҳзод Ҳошимов Россия SWIFT тизимидан узилишидан кўра, барча рус банкларига санкция қўлланиши самаралироқ бўлишига урғу қаратган.

«Айтиш жоизки, SWIFT тизимидан рус банкларини ўчиришдан кўра, банкларни ўзини санкция рўйхатига киритиш оғирроқ чора. Яъни Россия SWIFT тизимидан ўчирилса, лекин айрим банклар санкция рўйхатига киритилмаса, чегаралараро тўловлар қимматлашиши мумкин, лекин имконсизлик даражасида эмас. Лекин агар қолган рус банклари худди ВТБдек тўлиқ санкциялар остига тушса — ўша пайт, SWIFT ўчирилмаса ҳам муаммоли ҳолат бўлар эди», дейди у.

У ҳозирча рус банк секторининг бир қисмигина санкциялар остида эканини қайд этган.

«SWIFT ўчирилса, Россия банклари телефон орқали алоқа қила олишади, ёки fax, ёки email - бу имконсиз эмас. Албатта, транзацион харажатлар ошади, чунки ҳозирча «қўлда» ёки ўтказиш даражаси анча заифроқ тизим орқали банклар билан алоқа қилиш керак бўлиб қолади.

Банкларга нисбатан санкциялар - ўша нарса Россия молиявий тизимига катта зарба беради. Ҳозирги вақтга келиб, банклар тўлиқ санкциялар остида эмас. Лекин, айтиш жоизки, хорижий банкларнинг ўзи Россия банклари билан алоқаларни узиши мумкин, яъни келажакда санкциялар киритилиши хавфи борлиги учун. АҚШ санкцияларининг қизиқ томони, иккинчи даражали ҳамкорлар ҳам маъсул бўлиши мумкин», дея қайд этади иқтисодчи.

У Хитойнинг энг муҳим банклари бу ишни қилишни бошлаб юборишганини келтирган.

Мавзуга оид