07:41 / 02.03.2022
5062

ОТМлар кузатув кенгашининг асосий вазифалари маълум бўлди

Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасасининг кузатув (васийлик) кенгаши тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2022 йил 1 январдан бошлаб молиявий мустақиллик берилган 35 та давлат олий таълим муассасаларида васийлик кенгашлари тугатилган ҳамда таркибининг камида 70 фоизи тегишли вазирлик, идоралар, кадрлар буюртмачилари, жамоатчилик вакиллари ва ҳомийлардан иборат бўлган юридик шахс мақомисиз олий таълим муассасаларининг кузатув кенгашлари ташкил этилган.

Кенгаш Ўзбекистоннинг ҳар бир олий таълим муассасасида (филиалида) ташкил этилади. Кенгаш юридик шахс ҳисобланмайди ва давлат рўйхатидан ўтказилмайди. Кенгаш ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Кенгаш олий таълим муассасасини самарали бошқаришда стратегик орган ҳисобланади.

Кенгаш таркибига Олий Мажлис палаталарининг аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари, вазирлик ва идораларнинг, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, илмий доира ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, жамоатчилик вакиллари, ҳомийлар, шунингдек олий таълим муассасаси фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантиришдан манфаатдор бўлган бошқа юридик (жумладан, кадрлар буюртмачилари) ва жисмоний шахслар кириши мумкин.

Таълим жараёнида ижтимоий шериклик тамойилларини самарали амалга ошириш, таълим сифатини яхшилаш, олий таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва таълим жараёнини такомиллаштириш кенгашнинг асосий мақсадлари ҳисобланади.

Қуйидаги масалаларни мувофиқлаштириш кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • олий таълим муассасаларининг моддий-техника, ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, ижтимоий ва маиший инфратузилмасини яхшилаш, бинолардан фойдаланиш ва ҳудудларини ободонлаштириш;
  • бакалаврлар ва магистрлар тайёрлаш сифатини ҳамда илмий-тадқиқотлар самарадорлигини баҳолаш ишларини ташкил этиш;
  • таълим жараёни сифати ва натижадорлигини ошириш, келгусида меҳнат бозори ривожланишини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар ва илмий-техника кадрларини тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини белгилаш;
  • мутахассислар тайёрлаш сифатига кўмаклашадиган истиқболли дастурларни реализация қилиш;
  • олий таълим муассасасида илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини ривожлантириш, фундаментал (амалий) илмий-техника ишланмаларини амалга ошириш, ўқув ва илмий жараёнларни оқилона интеграциялаш;
  • олий таълим муассасалари педагог кадрларининг меҳнат шароитларини яхшилаш ҳамда уларнинг малака ошириш ва қайта тайёрлашдан ўтишларини ташкил этиш;
  • олий таълим муассасалари фаолиятининг изчил ривожлантирилишини таъминлаш учун ҳомийлик эҳсонларини, техникавий кўмаклашиш (грантлар) маблағларини ва бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;
  • энг аввало, етим болалар жумласидан бўлган талабаларни ижтимоий ҳимоялашни таъминлаш, иқтидорли талабаларга стипендиялар ва грантлар ажратиш;
  • иқтидорли талабаларни етакчи хорижий таълим муассасаларига ўқишга, тажриба орттиришга юбориш бўйича таклифларни шакллантириш, улар учун махсус стипендиялар таъсис этиш;
  • олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар, докторантлар, катта илмий ходимлари – изланувчилари ва талабалари учун халқаро тажриба алмашувларни ташкил этиш борасида кўмаклашиш;
  • олий таълим муассасасининг бошқа олий таълим муассасалари билан интеграциясини кучайтириш ва ўқув адабиётлари (бошқа олий таълим муассасаси томонидан нашр этилган дарслик ва ўқув қўлланмалар) билан таъминланишида кўмаклашиш.
Top