Ўзбекистон | 11:06 / 07.03.2022
6226
2 дақиқада ўқилади

«Сизларнинг дуоларингиз ҳар нарсага қодир» – Шавкат Мирзиёев 

Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бошланди.

Фото: Times

Kun.uz мухбири хабарига кўра, президент ўз нутқини норасмий тарзда бошлади ва бугунги очиқ ҳавога эътибор қаратди.

“Ассалому алайкум, азиз ва мўътабар онахонлар! Мунис опа-сингиллар! Дилбар қизларим! Куни кеча кучли ёмғир ёғганди, бугунги прогнозлар бўйича ҳам жала қуйиши керак эди. Лекин сизларнинг дуоларингиз куч-қудрати нималарга қодир. Ҳаво жуда очиқ, сизларнинг кайфиятингиз каби чиройли.

Барчангизга чуқур ҳурмат-эҳтиромимни ва энг эзгу тилакларимни билдираман. Аввало, оилангиз ва яқинларингиз бахтига, қолаверса, аёл қадрини эъзозлаб яшайдиган эл-юртимиз бахтига соғ-омон бўлишингизни, доимо мана шундай гўзал баҳорий кайфиятда юришингизни тилайман.

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” деган эзгу тамойил асосида, 2021 йилда 900 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдамлар кўрсатилди. Бу мақсадлар учун бюджетдан 2 триллион сўм маблағ йўналтирилди.

Хусусан, 18 мингта аёлларга уй-жой харид қилиш учун, 400 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Боқувчисини йўқотган аёлларнинг фарзандлари учун боғча харажатларини бюджетдан қоплаш тартиби жорий этилди.

Яна бир муҳим рақамга эътибор беринг. Фақатгина 2021 йилнинг ўзида хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2 триллион сўмдан зиёд кредит ва субсидиялар ажратилди. Натижада, 320 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз, доимий иш ва даромадга эга бўлдилар”, – дея давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид