Ўзбекистон | 07:48 / 08.03.2022
4491
3 дақиқада ўқилади

Фарғона ва Наманганда мактабгача таълим кластерлари фаолияти йўлга қўйилади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона ва Наманган вилоятларида тажриба-синов тариқасида мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ва педагог кадрларини малакасини ошириш бўйича мактабгача таълим кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Мактабгача таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Фарғона ҳамда Наманган вилояти ҳокимликларининг тажриба-синов тариқасида мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ва педагог кадрларини малакасини ошириш бўйича юридик шахс мақомига эга бўлмаган мактабгача таълим кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Мактабгача таълим кластерларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш;

педагог кадрларга ўз фаолиятида интерфаол ўргатувчи дастурлар ва замонавий таълим технологияларини қўллашни ўргатиш учун тингловчиларга қулай ҳудудларда сайёр малака ошириш курслари, семинар-тренинглар ва мастер-класслар ташкил этиш;

раҳбар ва педагог кадрларга доимий равишда ўз устида ишлаш, касбий ўсишнинг индивидуал траекториясини танлаш ва амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

мактабгача таълимнинг бошланғич таълим билан узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш, таълим жараёнига миллий руҳ ва ватанпарварлик ғояларини сингдириш ҳамда мактабгача таълим ва тарбия сифати бўйича ягона методик ёндашувларни жорий қилиш.

Белгиланишича:

тажриба-синов жараёни жорий йилнинг 1 апрелидан бошланиб
1 июлга қадар давом этади;

тажриба-синов жараёнида малака ошириш курсларининг умумий давомийлиги 36 соатни ташкил қилади;

Фарғона мактабгача таълим кластери Қўқон университети, Қўқон педагогика коллежи ва давлат мактабгача таълим ташкилоти, Наманган мактабгача таълим кластери Наманган давлат университети, Наманган педагогика коллежи ва давлат мактабгача таълим ташкилотининг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома асосида ташкил этилади;

мактабгача таълим кластерларида мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланадиган вақтинчалик тартиб асосида амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид