17:07 / 10.03.2022
21382

Киев Россиянинг талабларига рози эмас — Украина ташқи ишлар вазири

“Украина таслим бўлмади, таслим бўлмаяпти ва таслим бўлмайди”, деди Дмитрий Кулеба.

Фото: ТАСС

Россия, Украина ва Туркия ташқи ишлар вазирлари Анталядаги учрашувда ўт очишни тўхтатиш ва гуманитар муаммоларни ҳал қилиш йўлларини излашга келишиб олди. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба маълум қилди.

“Биз гуманитар муаммоларни ҳал қилиш учун ўт очишни тўхтатиш масаласини кўтардик. Мазкур масалада олдинга силжиш бўлмади, афтидан, Россияда бу борадаги қарорни бошқа одамлар қабул қилади”, – деди Кулеба.

Унинг сўзларига кўра, томонлар гуманитар масалаларни ҳал қилиш йўлларини излашга келишиб олган.

Кулеба Анталяга иккита мақсадда – Мариуполдан эвакуация қилиш учун гуманитар йўлак ташкил этиш ва 24 соатлик сулҳга эришиш учун келганини айтди.

“Биз дипломатияга тайёрмиз, дипломатик ечим излаяпмиз, аммо бу ҳозирча йўқ, биз ўзимизни қурбон қилиб еримизни ҳимоя қилишда давом этамиз”, – деди у.

Кулебанинг қўшимча қилишича, Киев Россия илгари сурган талабларни бажармоқчи эмас.

“Украина таслим бўлмади, таслим бўлмаяпти ва таслим бўлмайди”, – таъкидлади у.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top