20:09 / 10.03.2022
28129

Ўзбек пахтасига қўйилган глобал бойкот олиб ташланди

Cotton Campaign  халқаро коалицияси ўзбек пахтасини бойкот қилиш тўхтатилганини маълум қилди. 

Фото: KUN.UZ

Бугун, 10 март куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси вакиллари, Cotton Сampaign халқаро коалицияси делегацияси аъзолари иштирокида Ўзбекистон пахтачилик соҳасида яратилган меҳнат шароитларига бағишланган пресс-брифинг бўлиб ўтди.

Пресс-брифингда Cotton Campaign халқаро коалицияси раҳбари Беннет Фриман раҳбарлигидаги делегация аъзолари сўзга чиқиб, ўзбек пахтасини бойкот қилиш тугатилганини маълум қилди.

Cotton Campaign расмийларига кўра, Ўзбекистон пахта йиғим-теримида мажбурий ва болалар меҳнатини чеклади, янги ислоҳотларни амалга оширмоқда.

Ўзбек пахтасидан бойкотнинг олиб ташланиши эса биринчи навбатда текстил саноатида дунёдаги етакчи корхоналарнинг Ўзбекистон бозорига кириб келишига имкон яратади. Бу билан пахта саноатида кўплаб иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги оширилади.

Олий Мажлис Сенати раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева мажбурий ва болалар меҳнатини чеклаш учун амалга оширилган асосий йўналишларни қайд этди:

  • қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш;
  • халқаро стандартларни имплементация қилиш;
  • қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш;
  • институционал базани ривожлантириш;
  • тизимли мониторинг ва тадқиқотлар олиб бориш;
  • фуқаролик жамияти ва ихтисослашган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш.

Cotton Campaign халқаро коалицияси 2010 йилда Ўзбекистон пахтасини бойкот қилиш бўйича кампания бошлаганди.

Коалиция 2018 йилда ислоҳотлар “йўл харитаси”ни ишлаб чиққан ва Ўзбекистон ҳукуматига тақдим этган.

Пресс-брифинг тафсилотлари тез орада Kun.uz’да батафсил берилади.

Top