13:30 / 15.03.2022
6588

2021 йилда қанча солиқ имтиёзлари берилгани маълум қилинди

Солиқ имтиёзлари суммасининг асосий қисми ҚҚС имтиёзига тўғри келмоқда. 2021 йилда 1,2 трлн сўмлик имтиёзларни берувчи қарорлар бекор қилинган.

Фото: Fotolia

Молия вазирлиги Давлат бюджети даромадларининг 2021 йилдаги ижроси бўйича дастлабки натижаларни эълон қилди. Ундан 2021 йилда берилган солиқ имтиёзлари ҳақидаги маълумотлар ҳам ўрин олган.

Маълумотларга кўра, 8та солиқ тури бўйича солиқ имтиёзлари суммаси 42,1 трлн сўмни, шу жумладан Солиқ кодексига мувофиқ – 33,0 трлн сўмни (78,4 фоиз) ташкил қилган. Kun.uz ДСҚ маълумотлари асосида 7та солиқ тури бўйича 35 трлн сўмлик имтиёзлар берилганини маълум қилганди (Солиқ қўмитаси маълумотларига юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ киритилмагани сабабли 7 солиқ тури олинганди). 

ДСҚ маълумотлари 2021 йилда 30,4 трлн сўмлик ҚҚС имтиёзи берилганини кўрсатса, Молия вазирлиги берган маълумотларда 35,6 трлн сўмлик имтиёзлар берилгани келтирилмоқда.

 

        

Вазирлик маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматининг 46та қарорида назарда тутилган солиқ имтиёзлари амал қилиш муддати тугади, улар бўйича имтиёзлар суммаси 1,2 трлн сўмни ташкил қилди.

Солиқ имтиёзлари умумий ҳажмида ҚҚС ҳисобига 35,7 трлн сўм, шу жумладан 15,3 трлн сўм ҚҚС бўйича нол даражали ставкасига (экспорт, халқаро ташишлар, қимматбаҳо металлар реализацияси) тўғри келади. 

Шунингдек, вазирлик аввалроқ тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган тижорат банклари ҚҚСдан озод қилингани юзасидан ҳам муносабат бериб кетган.

“Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚС имтиёзларини молиявий хизматлар бўйича тижорат банклари, суғурта ташкилотлари эса суғурта хизматлари бўйича қўллайдилар. 2021 йилда мазкур институтларга берилган имтиёзлар суммаси 9,1 трлн сўмни ташкил қилди. Юқоридаги инструментлар солиқнинг тузилмаси ҳисобланади ва кўпгина мамлакатларда солиқ имтиёзлари сифатида қаралмайди. Шу билан биргаликда, молиявий хизматларга ҚҚС солиш халқаро тажрибада солиқни такомиллаштиришнинг янги йўналиши ҳисобланади. Ўзбекистонда тижорат банклари 2022 йил 1 апрелдан ушбу хизматлардан қисман ҚҚС тўлай бошлайдилар”, — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, вазирлик релизида солиқ имтиёзларини солиқ тўловчиларнинг ўзлари ҳам, солиқ агентлари ҳам қўллаши мумкинлигига урғу берилган.

“Масалан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ мажбуриятлари солиқ агентлари томонидан бажарилади. Шахсан ҳар бир жисмоний шахс бўйича ҳисобланган ва тўланган даромадлар, қўлланган солиқ имтиёзлари, ҳисоблаб чиқарилган, ушлаб қолинган ва бюджетга ўтказилган солиқ ҳисобини юритиш вазифаси уларнинг зиммасига юклатилган. Солиқ кодексида қайд этилган ҳолларда солиқ агентларида ҚҚС бўйича ҳам худди шундай мажбуриятлар юзага келади”. 

Аввалроқ, Kun.uz солиқ имтиёзлари борасида очиқланган маълумотлар мундарижаси ҳали тўлиқ эмаслиги ҳақида ёзганди.

2022 йил 17 январда Солиқ қўмитасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев Artel, Uzbekistan Airways каби компанияларга берилган солиқ имтиёзлари соҳани ривожлантириш учун кераклигини айтганди.

Top