Жаҳон | 22:35 / 15.03.2022
33250
3 дақиқада ўқилади

Россия Европа Кенгашидан чиқишини эълон қилди

Россия Европа Кенгашини ушбу ташкилотдан чиқиши тўғрисида хабардор қилди. Кенгашдан чиқиш жараёни якунланганидан сўнг россияликлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум бўлишади.

Фото: Reuters

Сешанба куни Давлат думаси спикери ўринбосари, Россиянинг ПАСЕдаги (Европа Кенгаши парламент ассамблеяси) делегацияси раҳбари Пётр Толстой ўз телеграм-каналида Россия Европа Кенгашидан чиқишга қарор қилгани, ЕК бош котибига ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг тегишли мактуби тақдим этилганини ёзди.

Кўп вақт ўтмай, буни Россия ташқи ишлар вазирлиги ҳам тасдиқлади.

"Мамлакатимиз бундай шароитда Европа Кенгашида қола олмайди. Бош котиб М.Пейчинович-Бурич Россия Федерациясининг ташкилотдан чиқиши тўғрисида хабардор қилинди", - дея вазирлик баёнотидан иқтибос келтирди Интерфакс.

Россия ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, "мамлакатнинг ушбу ташкилотдан чиқиши Россия фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларига таъсир қилмайди".

"Россия Федерацияси Конституциясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясидагидан кам бўлмаган кафолатлар берилган. Россия қонунчилигига Европа Кенгашининг асосий шартномавий-ҳуқуқий актлари моддалари киритилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг Россия Федерацияси Конституциясига зид бўлмаган қарорларини бажариш давом этмоқда", - дейилади баёнотда.

Бунинг россияликларга таъсири қандай бўлади?

Россия Европа Кенгаши устави, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси, яна тўрт конвенция ҳамда балки яна айрим ҳужжатларни денонсация қилиши мумкин, деди Федерация кенгаши спикери ўринбосари Константин Косачёв.

Унинг сўзларига кўра, ҳужжатлар рўйхати қўшимча равишда белгиланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия Европа Кенгашидан чиқиб кетганидан кейин ҳам илгари берилган шикоятларни кўриб чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади, бундай шикоятлар сони 15 мингга яқин.

Россия Европа кенгашидан чиқиб кетганидан кейин Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди чиқарган қарорларни бажаришга мажбур бўлади. Қарорлар бажарилмаган тақдирда Европа Кенгаши вазирлар қўмитасининг тегишли механизми ишга тушади, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Павел Чиков.

Илгари Европа Кенгашидан фақат бир давлат – 1969 йилда Греция чиқиб кетган. Мамлакат "қора полковниклар" ҳукумати даврида ана шундай йўл тутган. Бироқ мамлакатдаги тузум ўзгарганидан сўнг Греция ташкилотга қайтган.

Мавзуга оид