12:32 / 16.03.2022
7002

Қалин туман «Тошкент» аэропорти фаолиятини чеклаб қўйди

Бугун, 16 март куни эрталаб самолётлар пойтахт аэропортига қўна олмади ва парвоз қила олмади. Кўриш масофасининг пастлиги сабабли бир қанча ички ва халқаро рейслар кечиктирилди ҳамда бошқа аэропортларга кўчирилди.

Uzbekistan Airports хабарига кўра, Тошкент аэропортида қалин туман туфайли - кўриш масофаси 150 метрга яқин - Истанбул-Тошкент йўналиши бўйича THY-368 рейси бортида 259 йўловчи бўлган Turkish Airlines самолёти белгиланган аэропортга қўна олмади ва соат 08:45 да Бишкекдаги муқобил аэродромга жўнаб кетди.
 
Air Cairo авиакомпаниясининг MSC-771 рейси Шарм-ал-Шайх – Тошкент йўналишида кўриш имконияти ёмонлиги (200 метр) туфайли Навоийдаги муқобил аэродромга йўл олди. Бортида 172 йўловчи бўлган самолёт соат 09:35 да Навоий аэропортига қўнди. 

Тошкент вақти билан соат 10:14 да халқаро аэропортдаги чекловлар бекор қилинди. Бу соатга келиб кўриш масофаси 2000 метрга яқинни ташкил этган. 

Turkish Airlines’нинг THY-368 рейси Тошкентга соат 11:47 да қўнди, Air Cairo самолёти маҳаллий вақт билан соат 12:07 да пойтахт аэропортига қўнишни амалга оширди.

Top