19:32 / 18.03.2022
13017

Вазирга мурожаати ортидан қамалган “участкавой” иши судда қайта кўрилмоқда

Наманганлик собиқ профилактика инспектори Сардорбек Отабоев ишини кўриб чиқаётган судья ўзгарди. Аввалги судья кутилмаганда ишдан бўшатилгани ортидан иш жиноят ишлари бўйича Косонсой тумани судига ўтказилган.

Фото: KUN.UZ

Бунгача “Отабоев иши” жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида судья Бахтиёр Таваккалов томонидан кўриб чиқилаётган эди. Нафақага чиқишига атиги 6 ой муддат қолган судья шу йилнинг февраль ойида кутилмаганда лавозимидан четлаштирилган эди. Унинг ваколати муддатидан аввал тугатилишига шу суднинг собиқ судья ёрдамчиси 700 АҚШ долларини пора тариқасида олаётганда қўлга олингани сабаб бўлгани айтилганди.

Собиқ судья ёрдамчисининг пора билан қўлга тушиши воқеаси ортидан собиқ профилактика инспекторининг ишини кўриб чиқиш бир неча марта қолдирилган эди.

Маълум бўлишича, ушбу ишни кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича Косонсой туманига ўтказилган. Иш янги судья раислигида бошидан кўриб чиқилмоқда. Судланувчи жараён оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар томонидан тўлиқ видеотасвирга олиб борилишини сўраб, суд раисига илтимоснома киритган. Судья жараённи видеотасвирга олишга рухсат берган, фақат судга таъсир ўтказилишининг олдини олиш мақсадида ҳукм эълон қилинмагунча ушбу видеотасвирларни тарқатишни тақиқлаган.

Эслатиб ўтамиз, Наманган шаҳар прокуратураси собиқ инспекторга нисбатан Жиноят кодексининг 7та моддаси бўйича айблов эълон қилган. Прокуратура томонидан судга тақдим этилган айблов хулосасида Сардорбек Отабоев Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 230-1-моддаси 1-қисми (Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш), 168-моддаси 3-қисми “б, в” бандлари (Ўта хавфли рецидивист томонидан; уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган фирибгарлик), 209-моддаси 2-қисми “а” банди (Мансаб сохтакорлиги), 238-моддаси 2-қисми (Ёлғон гувоҳлик бериш), 205-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ҳамда 208-моддаси (Ҳокимият ҳаракатсизлиги)да кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Жиноят иши ҳужжатлари 5 жилдга жамланган.

Kun.uz жамоатчилик диққат марказида турган ушбу суд жараёнини ёритиб боради. Суд жараёни бўйича видеоматериал ҳукм кучга кирганидан сўнг эълон қилиниши режалаштирилган.

Top