Жаҳон | 11:27 / 19.03.2022
51746
3 дақиқада ўқилади

Байден Хитой раҳбарини урушда Россияни қўллаш оқибатларидан огоҳлантирди

Америка ва Хитой раҳбарлари Украинадаги вазият ва икки томонлама муносабатларни муҳокама қилишди.

Фото: Reuters

Оқ уй матбуот хизмати АҚШ президенти Жо Байден ва ХХР раиси Си Жинпинг билан қарийб икки соат давом этган мулоқотининг айрим тафсилотларини очиқлади.

Хусусан, CNN телеканали онлайнида хабар қилишича, Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки журналистларга шундай деган: «Президент агар Хитой Украина шаҳарларига ва тинч аҳолига шафқатсиз ҳужум қилаётган Россияга моддий ёрдам кўрсатса, оқибатлари қандай бўлиши ҳақида батафсил гапирди. Бунга гувоҳ бўламиз, бутун дунё гувоҳ бўлади».

«Президент [Байден] инқирозни дипломатик йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини қайд этди. Икки етакчи ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги рақобатни бошқариш учун очиқ алоқа линияларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги ҳақида келишиб олишди», деган у яна.

Псакининг қўшимча қилишича, Байден Си Жинпингдан Россиянинг сўровини рад этишини сўрамаган. «Хитой тарих дарсликларига қандай кириши бўйича қарорни ўзи қабул қилиши керак», — деган Псаки.

Associated Press агентлиги хабарида айтилишича, Байден Си Жинпингни киритилган санкциялар туфайли Россияга ҳарбий ёки иқтисодий ёрдам кўрсатишдан тийилишга чақирган.

Reuters агентлиги қайд этишича, суҳбат чоғида Си Жинпинг Байденга Хитой Украинадаги уруш давом этишини истамаслиги ҳақида айтган. У Байден билан охирги бор ўтган йил ноябридаги мулоқотидан буён халқаро вазият жиддий ўзгарганини таъкидлаган ҳамда тинчлик ва ўзаро манфаатли ривожланиш устига қурилган глобал тартибот ҳозирда жиддий чақириқларга дуч келаётгани, дунёда барқарорлик йўқолгани ҳақида гапирган.

Хитойдаги «Синҳуа» агентлиги музокаралар тўғрисида берган хабарида ХХР раиси Байден билан мулоқотда «Украина инқирози — Хитой кўришни истаган нарса эмаслиги»ни айтгани, шунингдек «можаро ва қарама-қаршиликлар ҳеч кимга манфаат келтирмаслиги»ни қўшимча қилганини келтирган.

  • 18 март куни АҚШ президенти Жо Байден ва ХХР раиси Си Жинпинг видеоалоқа орқали 2021 йил ноябридан буён илк бор музокара ўтказди.
  • Ғарбдаги нашрлар Россия Хитойга Украинадаги урушда фойдаланиш учун қурол етказиб беришни сўраб мурожаат қилгани ҳақида ёзишган. Россия бундай сўров бўлганини рад этган.

Мавзуга оид