Айрим озиқ-овқат маҳсулотларига божхона тўловлари нолга туширилиши мумкин
Президент Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари - иқтисодий тараққиёт вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.
Жамшид Қўчқоров тижорат банклари ва Марказий банк томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида аҳолига рублда пул ўтказмалари узлуксиз амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу ишни давом эттириш топширилди, деди у.
«Баъзи тадбиркорлар эркин конвертация қилинадиган валютада кредитни қандай тўлаши ҳақида ташвишланаётган бўлиши мумкин. Хабарингиз бор, ўтган йилнинг август ойида президентимиз тадбиркорлар билан учрашувда ушбу кредитларни сўмда тўлаш имкониятини яратиш бўйича топшириқ берган эди. Бу механизмдан ҳар қандай тадбиркор фойдаланиши мумкин», деди бош вазир ўринбосари.
Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ошишининг олдини олиш мақсадида айрим озиқ-овқат маҳсулотларига божхона тўловларини нолга тушириш имконияти кўриб чиқилмоқда. «Биз бу масала бўйича тегишли қарор киритамиз», деди у.
Меҳнат муҳожирлари муаммоларини ҳал қилиш учун Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари вакилларидан иборат махсус штаб ташкил этилади.
Президент соҳа ва ҳудудларда ҳар куни мониторинг ўтказиш, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқлар берди. Корхоналарнинг айланма маблағларини тўлдириш учун револьвер кредитлаш тизимини янада соддалаштириш муҳимлиги таъкидланди, деди Жамшид Қўчқоров.
«Транспорт-логистика масалаларини ҳал этиш, жумладан, Uzbekistan Airways фаолиятини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, тадбиркорлар, айниқса, кичик ва ўрта бизнес вакилларига шароит яратиб бериш, қўллаб-қувватлаш бўйича Солиқ қўмитасига кўрсатмалар берилди», деди бош вазир ўринбосари.
Бундан олдин Ўзбекистонда солиқ маъмурчилигига оид барча ўзгаришлар тўхтатиб турилиши хабар берилганди.
Молия вазири Тимур Ишметовга кўра, бюджет ресурсларидан молиялаштириладиган ипотека ва таълим кредитлари фоиз ставкалари ҳам кўтарилмайди.
Мавзуга оид
17:43 / 21.11.2024
Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг барчаси ўз лавозимини сақлаб қолди (фото)
11:28 / 20.11.2024
Ҳукумат инвестиция комплекси иқтисодиёт учун муҳим бўлган 300 дан зиёд йирик лойиҳани ишга туширади
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
20:57 / 08.11.2024