Киевда россиялик журналист аёл ҳалок бўлди. У Навальнийнинг сафдошларидан эди
The Insider журналисти Оксана Баулина Киев россиялик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилиши вақтида ҳалок бўлди.
Нашрнинг ёзишича, Баулина таҳририят топшириғи билан россиялик ҳарбийларнинг Киевдаги Подольский районини ўққа тутиши оқибатларини тасвирга олган ва навбатдаги ракета зарбалари вақтида ҳалок бўлган. У билан бирга яна бир киши бу ҳужум қурбони бўлган, унга ҳамроҳлик қилган икки киши яраланиб, шифохонага ётқизилган.
Оксана Баулина аввал Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фондида ишлаган ва «Навальный LIVE» каналини очган, шунингдек «Открытая Россия», Радио Свобода ва «Медиазона» нашрлари билан ҳамкорлик қилган.
Коррупцияга қарши кураш фонди Россияда экстремистик ташкилот деб эълон қилингач, у мамлакатни тарк этганди.
Оксана Баулина 42 ёшда эди.
Россия Украинага бостириб кирганидан буён камида беш нафар журналист ҳалок бўлгани маълум.
Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальний собиқ сафдоши ҳақидаги хотираларни эслади.
«Оксана Баулина «ялтироқ журналистика»да (InStyle, Time Out ва Glamour каби модалар журналларида) юқори лавозимларда ишлаган, аммо 2013 йилда катта маошидан воз кечиб, бизнинг штабга келганди: «Менинг ватанимда ҳокимиятни ўғри ва бандитлар эгаллаб олганида мен мода билан шуғуллана олмайман. Курашишни истайман». У чинакамига курашди. Коррупцияга қарши курашда кўп йиллар ишлади, кейин ҳар бир лойиҳада кўнгиллилик қилди. У менга ютюбдаги илк стримимни олишда ёрдам кўрсатганди.
У эфирга тақиб чиқишим учун театр реквизитлари дўконидан қароқчилар боғичини сотиб олганида қандай кулишганимизни яхши эслайман — ўшанда бир кун олдин юзимга заҳарли суюқлик сепиб кетишган ва шифокорлар студиядаги чироқ кўзим учун зарарли бўлишини айтишганди.
Сўнгги вақтларда Россиядаги мустақил нашрларда ишлади. Оксана Киевда ўққа учраб ҳалок бўлди. У курашган Кремлдаги ўғри ва бандитлар уни ўлдиришди, бу жиноий урушда бошқа кўпларни ўлдиришгани каби.
Биз — руслар, украинлар, бутун дунё - ўлим ва хаос тарқатувчи, ҳокимият ва бойлик учун ўн минглаб кишиларни ўлдирувчи ва Европадаги шаҳарларни вайрон қилувчи Путинни енгиш учун барча ишни қилишимиз керак. Оксана Баулинанинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлигимни билдираман».
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024