Жаҳон | 16:06 / 25.03.2022
20275
3 дақиқада ўқилади

Россия зудлик билан сулҳ эълон қилиши керак — НАТО

Фото: NATO

Россия Украина билан музокараларга «жиддий муносабати»ни намойиш этиши ва зудлик билан тинчлик сулҳи эълон қилиши керак. Бу ҳақда НАТОнинг 24 март куни ўтказилган фавқулодда саммити якунларига кўра берилган баёнотида айтилади.

Асосий фактлар

  • РФнинг Украинага қарши уруши Европада тинчликни бузди ва глобал хавфсизликка таҳдид солди, украинлар эса ўз қаҳрамона қаршилиги билан жаҳон ҳамжамиятини илҳомлантирди, дейилади баёнотда.
  • Альянс РФни БМТ Халқаро суди қарорига риоя этиш ва зудлик билан Украинага қарши урушни тўхтатиш, шунингдек тинч аҳоли эвакуацияси ҳамда  Мариуполь ва бошқа шаҳарларга гуманитар ёрдам етказиб берилиши учун гуманитар йўлаклар ишлашини таъминлашга чақирган.
  • НАТО олдингидек Украинага ҳарбий кучини мустаҳкамлаш орқали ўзини ҳимоялаш ҳуқуқини амалга оширишига ёрдам беришни ваъда қилган.
  • Альянс, шунингдек, Украинага киберхавфсизлик ва кимёвий, биологик ҳамда ядровий таҳдиддан ҳимояланишда ёрдам кўрсатишни давом этади.
  • Блок Болгария, Руминия, Венгрия ва Словакия ҳудудида тўртта халқаро гуруҳ тузилишини эълон қилган — альянснинг 40 минг ҳарбий хизматчиси шарқий чегараларга кўчилади.
  • НАТО барча мамлакатларни, шу жумладан Хитойни урушда РФни қўлламаслик ва агрессор-давлатга санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам берадиган қандайдир ҳаракатлардан тийилишга чақирган.

«Россия зудлик билан сулҳ эълон қилиб, Украина билан музокараларга «жиддий ёндашаётганини» намойиш этиши керак. Музокаралар вақтида Россия тажовузининг давом этиши қораланишга лойиқ. Биз Россияни барқарор ўт очишни тўхтатишдан тортиб, Украина ҳудудидан қўшинларни тўлиқ олиб чиқиб кетишгача бўлган анқ натижаларга эришиш учун Украина билан музокараларда конструктив иштирок этишга чақирамиз», – дейишган НАТО етакчилари.

Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский НАТО саммитида онлайн иштирок этиб, альянс етакчиларидан РФ ҳужумидан ҳимояланиш учун қуроллар етказиб беришни сўраганди. Хусусан, Украина НАТОдан альянс самолётлари, танклари, баравар ўт очиш тизимлари, кемаларга қарши қуроллари, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг 1 фоизини беришни сўраган.

Мавзуга оид