Ўзбекистон | 17:19 / 31.03.2022
22378
4 дақиқада ўқилади

«Ҳоким ва прокурорлар қаёққа қараган?» — президент шакарга «ажиотаж» ҳақида

Бозордаги нарх-навонинг кундалик аҳволи бўйича зарур тезкор чораларни кўриб бориш билан шуғулланадиган Республика штаби тузилади. Унга бош вазир раҳбарлик қилиб, вилоят ҳокимлари ва тегишли вазирлар аъзо бўлади.

«Ҳозир дунёда жуда мураккаб давр давом этяпти. Ҳар куни янги синовлар билан тўқнаш келяпмиз. 

Лекин, бу – эртага нима бўлади деб, кутиб ўтириш керак, дегани эмас. Муаммоларни тезкор аниқлаб, ҳал қилиш ва янги имкониятларни излаб топишимиз зарур», деди президент.

Қорақалпоғистон, Андижон, Сурхондарёда тадбиркорларнинг муаммоларини ичига кириб, кўп таклифлар тайёрлангани қайд этилиб, қолган вилоятларнинг ҳаракати суст, ташаббус ва таҳлил йўқлиги танқид қилинди.

Масалаларни доимий таҳлил қилиш ва тезкор чораларни кўриб бориш мақсадида Бош вазир бошчилигида кундалик ишлайдиган Республика штаби ташкил этилади. Ушбу штабга вилоят ҳокимлари ва тегишли вазирлар ҳам аъзо бўлади.

Штаб олдига бозордаги нарх-навони кундалик аҳволи бўйича зарур тезкор чораларни кўриб бориш вазифаси қўйилди.

Президент март ойи бошида кузатилган шакарга «ажиотаж» мавзусига тўхталди.

«Айрим ҳудудларда шакар нархи асоссиз ошган. Айниқса Жиззах, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида мавжуд захиралар ўз вақтида тарқатилмагани сабабли, шакар нархи кескин ошган. 

Савол туғилади. Ушбу ҳудудларнинг ҳокимлари ва прокурорлари қаёққа қараган?» деди президент.

Шунинг учун вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳар куни ўз ҳудудидаги озиқ-овқат, айниқса ун, шакар ва ёғнинг нархини  жойларда юриб ўрганади ва барқарорликни таъминлаш учун тезкор тадбирларни кўриб боради.

Айниқса кириб келаётган Рамазон ойида нархларнинг барқарорлигини таъминлаш учун тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиб, нархларни арзонлаштириш бу улуғ айём кунларида катта савоб эканлигини барча тадбиркорларга тушунтиришлари кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Республикага четдан буғдой, ўсимлик ёғи ва шакарни олиб келиш бўйича барча масалалар ҳал қилиб берилгани, энди буни ақл билан самарали ташкил этиш кераклиги таъкидланди.

Кўрсатилган тезкор амалий ёрдам сабабли бозорларда гўшт, сут, картошка, тухум, гуруч нархлари барқарорлиги сақланмоқда.

«Демак, ҳаракат қилсак, албатта натижа бўлади», деди президент.

Давлат раҳбари Республика штабига қуйидагиларни топширди:

  • зарур озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун аввал берилган 500 миллиард сўм имтиёзли ресурсларнинг қайтариш муддати йил якунига қадар узайтирилсин;
  • бир ҳафта муддатда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи барча тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг юзага келган муаммоларини кундалик ҳал этиш тизими жорий этилсин;
  • биржа савдоларида озиқ-овқат ва хомашёнинг тўлиқ қўйилиши устидан кунлик назорат ўрнатсин ва сунъий равишда нарх ошишининг олдини олиш бўйича тезкор чораларни кўриб борсин;
  • уч кун муддатда шакар, ун, ёғ, гўшт, чой, болалар овқатлари, сут маҳсулотлари каби озиқ-овқат маҳсулотлари импортига акциз солиғи ва божхона божларини қайта кўриб чиқиш бўйича асосланган таклиф киритсин.

Мавзуга оид