Тошкентда 2 гектар ерни 800 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушланди
Тошкент шаҳрида ер олди-сотдиси билан ноқонуний шуғулланувчи шахслар ушланди. Бу ҳақда ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси хабар бермоқда.
2022 йил 30 март куни ИИВга Э.Н. ариза билан мурожаат қилиб, ер олиш мақсадида юрган вақтида «У» исмли фуқаро билан танишиб қолганини билдирган.
Ушбу фуқаро унга таниши - «Д» исмли фуқаронинг 4 гектар ер майдони борлигини айтиб, шундан 2 гектар ер майдонини 800 000 АҚШ долларига сотишини, бугунги кунда ушбу ер майдони тақиқда тургани сабабли уни расмийлаштириб бера олмаслигини, келгусида керакли ташкилотлар орқали ушбу тақиқни ечиб, Э.Н.га ер ҳужжатларини расмийлаштириб беришини, ҳозирда олдиндан бўнак сифатида 80 000 АҚШ долларини талаб қилиб келаётганини баён қилиб, қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур аризага асосан, шу куни Бош прокуратура Ер ресурслари талон-торож қилиниши олдини олиш бошқармаси, ИИВ ЖҚББ Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлими, ДХХ, ИЖҚК департаментининг Шайхонтоҳур тумани ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида, У.Ч. Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 15-сонли Кардиология марказининг автотураргоҳида ариза муаллифидан талаб қилган 800 000 АҚШ долларидан бўнак сифатида 80 000 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан, ИЖҚК департаментининг Шайхонтоҳур тумани томонидан фуқаро У.Ч. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, У.Ч. Жиноят-процессуал кодекс 224-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.