20:00 / 06.04.2022
10178

ОКМК 1-чоракда 239 млн доллардан зиёд экспортни амалга оширди

Фото: ОКМК ахборот хизмати

2022 йилнинг 1-чорагида барча белгиланган ишлаб чиқариш кўрсаткичларини бажаришга эришган Олмалиқ кон-металлургия комбинати маҳсулотлар экспортида ҳам самарали натижани қайд этди.

Ҳисобот даврида ОКМК томонидан 239 155 минг долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилиб, режа 155,3 фоизга бажарилди.

Маҳсулотлар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, 17 978 тонна мис маҳсулотлари экспорт қилиниб, вазифа 131,2 фоизга уддаланган. Шу жумладан,16845 тонна мис катоди импортёрларга юборилиб, режа 146,5 фоизга бажарилган. Бундан ташқари, 1134 тонна мис қувурлари хорижлик ҳамкорларга жўнатилиб, бу йўналишда режа 113,4 фоизга бажарилди.

Шунингдек, 14122 тонна рух маҳсулотлари экспорти амалга оширилиб, режа 176,5 фоизга бажарилган.

Қурилишда кенг қўлланиладиган цемент экспортида ҳам салмоқли натижа қайд этилди. Хорижлик ҳамкорларга 57 335 тонна цемент юборилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 205,1 фоизлик ўсиш суръатига эришилди.

Молибден маҳсулотлари экспортида ҳам юқори натижа кузатилмоқда. Бу йўналишда режа 173,9 фоизга бажарилиб, 209 тонна маҳсулот харидорларга етказиб берилди.

Бундан ташқари, 7931 тонна қўрғошин концентрати ҳам экспорт қилинган.

Ҳозирги кунда комбинат маҳсулотларининг экспорт географияси Туркия, Россия Федерацияси, Беларус, Қозоғистон, Болгария, Озарбойжон, Қирғизистон, Украина, Польша, Тожикистон, Индонезия, Нидерландия, Хитой, Туркманистон, Афғонистон каби давлатларни қамраб олган.

ОКМК Ахборот хизмати Ⓣ

Top