Ўзбекистон | 13:15 / 09.04.2022
11998
2 дақиқада ўқилади

Паркентдан XV–XVI асрда зарб қилинган мис тангалар топилди

Паркентнинг Янги Санганак маҳалласида яшовчи фуқаро Имомали Боймақов ҳовлисида иссиқхона қураётганда мис тангалар солинган сопол кўза топиб олган. Тангалар темурий шаҳзода Бойсунғир Мирзо ҳукмронлигида Самарқанд, шунингдек, Бухоро ва Тошкентда ҳам зарб қилинган.

Фанлар Академияси ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Паркент тумани Янги Санганак маҳалласида яшовчи Имомали Боймақов ҳовлисида лимон учун иссиқхона тайёрлаётганда, тупроқлар орасидан ичига мис тангалар солинган сопол кўзага дуч келган. Фуқаро 2021 йилнинг 11 март куни тангалар ҳақида Темурийлар тарихи давлат музейига хабар берган.

Темурийлар тарихи давлат музейи катта илмий ходими Дилмурод Нормуродовга кўра, ишчи гуруҳ тузилиб, мис тангалар топилган жойда қазишма ишлари давом эттирилган.

“Текширишлардан сўнг топилмалар бир жойга жамланди ва мис тангалар саналди. Тангалар 1810 дона экани аниқ бўлди. Занг босиб, кўкимтир тусга кириб қолган, диаметри 34–36 мм бўлган тангалардан бири тозаланди. Унинг ҳар иккала томонига ҳам қавариқ шаклида араб ёзувида битилган матн ва безаклар туширилган”, – дейди музей илмий ходими.

Танганинг олд томони: қавариқ шаклдаги 2 қаторли тўртта тўртбурчакнинг бир-бирига туташиши натижасида ҳосил бўлган квадратли ҳошия-безак ичига араб ҳарфларидаги зарб Самарқанд (ضرب سمرقند – Самарқандда зарб қилинган) сўзи туширилган.

Танганинг орқа томони: қавариқ ҳалқа ичидаги араб ҳарфлари устидан қайта зарб урилган.

Дилмурод Нормуродов худди шундай тангалар Самарқандни 1495–1497 йилларда бошқарган темурий шаҳзода Бойсунғир Мирзо ҳукмронлиги даврида Самарқанд зарбхонасида зарб қилингани исботланганини билдирди.

Нормуродовнинг изоҳлашича, ўрганилган тангаларда ҳукмдор номи ёзилмагани даврдаги тез-тез ҳокимият алмашинувлари билан боғлиқ. 

Шунингдек, тангаларнинг бир қисми XV асрнинг охири – XVI асрларда Бухоро ва Тошкентда зарб қилингани ҳам аниқланган. Уларни ким кўмгани ҳақида ҳеч нима маълум эмас.

Тангаларнинг 330 донаси Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан Темурийлар тарихи давлат музейида ташкил қилинган “Янги Санганак” хазинаси номли кўргазмага қўйилган.

Мавзуга оид