13:37 / 11.04.2022
5897

Ипотека ва таълим кредитларининг фоиз ставкалари йил охиригача оширилмайди

2022 йил якунига қадар ипотека кредити бўйича 13 фоиз, таълим кредити бўйича 10 фоизли амалдаги ставкалар оширилмайди.

Фото: Kun.uz

«Марказлашган манбалар ҳисобидан ипотека ва таълим кредитлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича фоиз ставкаларини белгилаш тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.

Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ипотека ва таълим кредити учун ажратиладиган ресурс маблағлари бўйича фоиз ставкалар 2022 йил якунига қадар амалдаги фоизлар, яъни ипотека бўйича 13 фоиз, таълим кредити бўйича 10 фоиз миқдорида сақлаб қолинади.

Бунда тижорат банклари томонидан бериладиган таълим кредитлари ставкаси 14 фоиз доирасида ўзгаришсиз қолдирилади.

Агар Марказий банк ставкаси 14 фоиздан пасайтирилса, мақбул ипотека ва таълим кредитлари фоизлари ҳам пасайишда давом этади.

Аввалроқ, Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 3 фоиз бандга ошириб, йиллик 17 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилганди.

Шундан сўнг Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов асосий ставка ўзгартирилган тақдирда унинг жорий кредитларга таъсири шартномада белгиланган шартлар асосида бўлиши ҳақида маълум қилган. Бунда тижорат банклари ва мижозлар ўртасида ўзгармас фоиз ставкаларида тузилган шартномаларга Марказий банкнинг асосий ставкаси ўзгаришлари таъсир этмайди.

Top