Жамият | 16:10 / 11.04.2022
19658
2 дақиқада ўқилади

Онаси томонидан калтакланган қизларнинг ҳолати ҳақида маълумот берилди

Кеча ижтимоий тармоқларда Хўжайли туманида аёл ёш болаларини калтаклаб, хўрлаши акс этган видео тарқалганди. Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Нурмуҳаммад Сапаев онаси томонидан калтакланган қизларнинг ҳолати ҳақида маълумот берди.

Нурмуҳаммад Сапаевга кўра, видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, қизалоқларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда уларнинг саломатлиги жойида.

Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг таъкидлашича, онаси томонидан зуғумга учраган қизалоқларнинг овқатланиши ҳам жойида. Шифокорлар улар билан фаол мулоқотда бўлмоқда.

Сапаевнинг қўшимча қилишича, қизалоқлар онасидан ажратилиб, шифокорлар назоратига олинган. Ҳозирда уларнинг аҳволи қониқарли, адекват ҳолатда, деб баҳоланмоқда.

Маълумот учун, қизларнинг каттаси 5, кичиги 3 ёшда. Ижтимоий тармоқда тарқалган видеолар 2020-2021 йилларда қизларнинг онаси томонидан ёзиб олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми «а,в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи X.Ф.га нисбатан процессуал чеклов чора белгилаш масаласи кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон ИИВ матбуот хизмати билан суҳбатда ўз қизларини калтаклаган она нега бундай қилганини гапириб берганди.

Бундан олдин Нукусда ёш она янги туғилган чақалоғини кўчага ташлаб кетганди. 

Мавзуга оид