Ўзбекистон | 10:48 / 11.04.2022
26514
2 дақиқада ўқилади

Кластер раҳбари Сирдарё вилояти ҳокимига ўринбосар бўлди

Кластер раҳбари вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Дилмурод Абдураҳмонов Авазхон Эргашев ўрнига Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари лавозимини эгаллади. Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар беришича, бу ҳақда 11 апрел куни вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев иштирокидаги йиғилишда маълум қилинган.

Йиғилишда Сайхунобод туманидаги «Политекс Сирдарё» МЧЖ шаклидаги тўқимачилик кластери раҳбари Дилмурод Абдураҳмонов вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинлангани эълон қилинган.

Дилмурод Абдураҳмонов 1983 йилда Ховос туманида туғилган. 2002 йилда Тошкент молия институтини, 2010 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини, 2011 йилда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини тамомлаган. «Шуҳрат» медали соҳиби.

Маълумот учун, 2020 йил декабрида кўп йиллар давомида Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманига ҳокимлик қилган, 2015-2019 йилларда Сенат аъзоси бўлган Авазхон Эргашев Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланганди.

Фото: Авазхон Эргашев

Kun.uz'га маълум бўлишича, у 2022 йил 28 феврал куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази директорининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.

Мавзуга оид