16:32 / 15.04.2022
12232

Юздан ортиқ савдо кемалари Украина ҳудудий сувларини тарк эта олмаяпти

Маълумот берилишича, Мариупол ва Азов денгизидаги кемаларда мингга яқин денгизчи қолиб кетган. Кўплаб кемаларда озиқ-овқат, ёнилғи, ичимлик суви ва бошқа зарур захиралар тугамоқда.  

Фото: Bloomberg

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Халқаро денгиз ташкилоти (ХДТ) раҳбарлари Украина портлари ва ҳудудий сувларида қолиб кетган денгизчилар ва кемаларни ҳимоя қилиш учун зудлик билан чора кўришга чақирди

ХМТ бош директори Гай Райдер ва ХДТ бош котиби Китак Лим БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси, Халқаро Қизил хоч қўмитаси ва «Чегарасиз шифокорлар» ташкилоти раҳбарларига мактуб йўллади.

Улар мактубда Украина портлари ва ҳудудий сувларини тарк эта олмаётган юздан ортиқ савдо кемаларининг денгизчилари оғир аҳволда қолганини билдирган.

ХДТнинг маълумот беришича, хусусан, Мариупол ва Азов денгизидаги кемаларда мингга яқин денгизчи қолиб кетган. 

«Кўплаб кемаларда озиқ-овқат, ёнилғи, ичимлик суви ва бошқа зарур захиралар тугамоқда. Юзага келган хавфли вазият кўплаб мамлакатлар денгизчиларининг саломатлигига таҳдид солади», дейилади мактубда.

Ҳозирда Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро денгиз ташкилоти, Халқаро денгизчилик палатаси ва Халқаро транспортчилар федерацияси мавжуд вазиятни бартараф этиш бўйича маълумот тўпламоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top