14:22 / 16.04.2022
59692

Нафақат “Москва”, балки “Тошкент” ҳам чўккан: ғарқ бўлган ҳарбий кемалар

Россия Қора денгиз флотининг гултожи ҳисобланадиган “Москва” ракета крейсери украинларнинг ракета зарбасига учради ва сувга ғарқ бўлди. Айнан шу кемага қарата украин аскари томонидан янграган “Рус ҳарбий кемаси, даф бўл” деган жумла машҳурлашганди.

Фотоколлаж: Kun.uz

Гарчанд расмий Кремль кема бўрон туфайли чўкиб кетганини билдирган бўлса-да, бу рус флоти жанговар руҳига қаттиқ таъсир қилди. Forbes маълумотларига кўра қиймати 750 млн доллар бўлган мазкур крейсер сув остида қўним топган минглаб кемалардан бирига айланди.

Дарсликларга кирган “Варяг”

130 метрли жанговар кема 1898 йилда Филадельфияда ясалган ва 1901 йилда Россия флоти таркибига олинган. “Варяг”нинг ҳақиқий жанглари рус-япон урушида кечди ва унинг денгизчилари дарсликларга қаҳрамонлар сифатида киритилди. 1904 йилда япон эскадраси “Варяг” крейсери ва “Кореец” кемасини Тинч океанида қуршовга олади. Рус тарихчилари таъкидлашича, иккита рус кемаси японларнинг 14 та жанговар кемалари билан жангга киришади ва яққол мағлубиятдан қутулиш учун руслар “Варяг”ни чўктириб, “Кореец” кемасини портлатиб юборишади.

Орадан бир йил ўтиб японлар “Варяг”ни сув остидан чиқариб олишади ва қайта созлаб, “Соя” номи билан ўз флотлари таркибига қўшишади. 1916 йилда Россия империяси “Варяг”ни сотиб олади. Аммо бу крейсер қисматига барибир чўкиб кетиш битилган экан – 1925 йилда у Шотландия қирғоқларидаги бўронда ғарқ бўлади.

“Декабрист” пароходи

Бу кема 1902 йилда Англияда ясалган ва 1904 йилда Россия томонидан сотиб олинган. У ҳам японлар билан жангда қатнашган ва омон қолган. Кейинчалик СССР флоти таркибига кирган “Декабрист”дан жанговар транспорт корабли сифатида фойдаланила бошланади. У 8 минг тонна юк олиш ва соатига 22 км тезликка эришиш қувватига эга эди.

Иккинчи жаҳон урушининг энг оғир пайтлари, 1942 йилда “Декабрист” Исландиядан Мурманскка ўқ-дори ва бошқа воситалар ташиб келаётган пайтда, Баренц денгизида немислар ҳужумига учрайди. Экипаждан фақат уч киши омон қолади ва асирга олинади.

Ҳарбий кемаларнинг асосий турлари:

Эсминецэскадра мина ташувчиси. Асосий вазифалари сувости кемалари ва кораблларга зарба бериш, ҳаво ҳужумидан ҳимояланиш, десант ташиш, қирғоқдаги объектларга зарба бериш, миналар ўрнатиш. Вазифалари бўйича энг универсал кема;

Крейсеркучли манёвр хусусияти, қирғоқдан ва қирғоққа, денгиздан уммонга тезкор кўча олиши, хоч (крест) кўринишида турли томонларга ҳаракатланиши учун шу номни олган. Бугунги кундаги крейсерлар қатор жанговар вазифаларни бажариш билан бирга ўз бортида вертолётлар ҳам ташийди;

Авианосецҳарбий самолётлар учиб-қўнувчи тўлақонли аэродром-кема, энг қудратли давлатларнинг ҳарбий салоҳияти рамзи, ўзига хос сузувчи шаҳар;

Фрегатжуда қадимий елканли кемалар авлоди. Крейсер ва эсминецлар ўртасидаги тоифа. Бугунги кунда сиғими 4 минг тоннагача, тезлиги 55 км/соатдан ортиқ қуролли кема.

Атайлаб ва бутун бошли флот

1918 йилда, Биринчи жаҳон уруши якунларига кўра Германия Антанта билан сулҳга эришади. Компьен келишувига мувофиқ 66 та турли хил жанговар кема инглизларга топширилиши керак эди. Немислар буни ҳақиқий капитуляция деб қабул қилишади. Дастлаб буйруқларга бўйсуниб, кемалар Британия сари йўл олади. Аммо немис денгизчиларига кемадан чиқиш, бирор байрамни нишонлаш ёки кўнгилхушлик қилишга рухсат берилмайди. Шунингдек, кемаларни назорат қилиш ҳам тўлиқ инглизларга ўтаётгани немис денгизчилари руҳиятига қаттиқ таъсир қилади.

Шунда флот етакчиси, контр-адмирал Людвиг фон Ройтер ақл бовар қилмас қарор қабул қилади. Берлиндан таслим бўлиш ва кемаларни топшириш ҳақида қатъий буйруқ келганига қарамай у 1919 йилнинг 21 июнида бутун флотни чўктириб юборади. Адмирал фон Ройтернинг бу ҳаракати жуда қалтис бўлса-да, ўз юртида уни қаҳрамон сифатида қабул қилишади, ҳатто душманлари бўлган инглизлар ҳам уни ҳурмат билан тилга олишади.

Чўкиб кетган “Тошкент”

1941-42 йилларда Қрим яқинида жуда оғир жанглар кетар, уларда Ўзбекистон пойтахти номи билан аталган “Тошкент” жанговар кемаси ҳам иштирок этаётганди. Унинг бошқа кемалардан фарқли жиҳатлари кўп эди: 80 км/соат тезликка чиқа олар, кулранг ярқироқ ранги кўзни қамаштирарди. Энг муҳими – экипаж алоҳида довюраклиги билан ажралиб турарди.

Италия билан ҳамкорликда ясалган бу кема узоқ вақт Волга дарёсида сузиб юради ва уруш бошланиши билан фронтга жалб қилинади. Кема 1939 йилда қурол-аслаҳа билан жиҳозланиб, командир Василий Ерошенко бошчилигида Қора денгиз флотида хизматга киришади.

Иккинчи жаҳон урушининг ҳақиқий жангларини у Одесса яқинида, шаҳарга ҳужум қилаётган немис-румин қўшинларига зарбалар бериш билан бошлайди. Қатор жанглар билан бирга “Тошкент” транспорт кемаларини кузатиб бориш вазифаларини ҳам бажаради. 1941 йилнинг 30 августида “Тошкент” душманнинг учта самолёти бомбардимонига учрайди. Гарчи тўғридан тўғри бомбага учрамаган бўлса-да, унга жиддий шикаст етади. Таъмирлаш жараёнида унга самолётлар билан кураша олувчи қуроллар ҳам ўрнатилади ва “Тошкент” янада жанговар ҳолда сафга қайтади.

1942 йил 26 июнида кема ўзининг сўнгги жанговар сузишини амалга оширади. Унинг бортида экипаждан ташқари мингга яқин ўқчи жангчилар, 50 тоннага яқин ўқ-дори, озиқ-овқат, тиббий воситалар бор эди. Севастополга жуда жиддий жанглар билан кириб келган “Тошкент” 2000 дан ортиқ тинч аҳоли ва ярадор аскарларни олиб ортга қайтади ва немислар ҳужумига учрайди. 86 та самолёт 4 соат давомида 336 та бомба ёғдиради, кемага жуда жиддий шикаст етади. Деярли сувга тўлаёзган бўлишига қарамай “Тошкент” жангчилари курашни давом эттиришади. Тез орада иттифоқ самолётлари ёрдамга етиб келади ва кема қутқарилади. Уни табриклаш учун Кавказ фронти маршали Семен Будёнийнинг шахсан ўзи ташриф буюради.

Аммо “Тошкент” барибир чўкиб кетади. 1942 йилнинг 2 июлидаги Новороссийскдаги навбатдаги жангда унинг бортига иккита бомба тўғридан тўғри тушади. 76 денгизчи ҳалок бўлади, 77 нафари оғир яраланади. Кема қумлик юзага ўтириб қолган бўлса-да уни қутқаришнинг иложи бўлмайди, фақат зенит қуролларини бошқа кемага кўчириб ўтказадилар.

1944 йилга келибгина кема сувдан чиқариб олинади. Аммо унинг аҳволи шу қадар абгор эдики, таъмирлаб ўтирмай металлоломга топширишга қарор қилинади.

Ҳисоб-китобларга кўра “Тошкент” 20 минг киши ва 2,5 минг тоннадан ортиқ юкни ташиган, 17 транспортни ҳимоялаб борган, йирик калибрда юздан ортиқ ўқ узган, душманнинг битта аэродроми, 13 та самолёти, торпедо катери ва 6 та артиллерия батареясини йўқ қилган.

Ғарқ бўлган “Indianapolis” ва 883 инсон

АҚШнинг оғир крейсери ўз даврининг ҳақиқий флагманларидан бири эди. Лекин шунга қарамай 1945 йилнинг 30 июлида японлар ҳужуми оқибати у ҳам сувга ғарқ бўлади ва бу зарбалар кема билан бирга 883 кишининг ҳаётига якун ясайди. “Indianapolis” ғарқ бўлиши АҚШ флоти тарихидаги энг йирик йўқотиш сифатида қайд этилган.

Ўшанда “Indianapolis” бажариб қайтаётган вазифа ҳам жуда ўзига хос эди. У АҚШ томонидан Японияга ташланган атом бомбасининг жуда муҳим қисмларини Тиниан оролидаги ҳарбий базага ташлаб қайтаётганди. Унинг миссиясидан японларнинг хабари бўлганми, йўқми, номаълум. Лекин Япония империяси флотининг I-58 сувости кемаси торпедосига учрайди ва 12 дақиқада чўкиб кетади. Бортдаги 1197 кишининг тахминан 300 нафари крейсер билан бирга ғарқ бўлади, деярли 880 киши қутқарув қайиқларида егулик ва сувсиз очиқ уммон устида қолишади. 4 кунлик сузиш давомида сувсизлик, галлюцинациялар ва иссиқдан кўпчилик ақлдан озади. Энг даҳшатлиси – акулалар ҳужуми эди. Тахминан 60-80 денгизчи бошқалар кўз ўнгида наҳанглар томонидан еб кетилади ва бу рақам ҳам инсониятга бир вақтда акулалар томонидан қилинган энг катта ҳужум сифатида қайд этилган.

Фақат 2 августга келибгина PV-1 Ventura самолёти уларни топиб олади. 321 денгизчи қутқарилса-да, уларнинг ҳам 4 нафари тез орада вафот этади.

Ер шарининг денгиз ва уммонлари остида ётган кемаларнинг аниқ сонини ҳеч ким билмайди. Биргина Иккинчи жаҳон уруши пайтида 6 мингдан ортиқ ҳарбий ва транспорт кемалари сув тубига ғарқ бўлган.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Top