Ўзбекистон | 10:35 / 17.04.2022
15501
6 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги таъмирталаб йўллар ҳақида қандай хабар бериш мумкин?

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев масъулларга пойтахт кўчаларидаги барча чуқурларни 10 кун ичида бартараф этишга топшириқ берган, шаҳар аҳолисидан эса катта кўчаларда пайдо бўлган чуқурлар ҳақида “Халқ назорати” портали орқали хабар беришни сўраганди. Kun.uz порталдан фойдаланиш бўйича қисқача видеоқўлланма тайёрлади.

Тошкент шаҳар ҳокими 13 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда март ойидаги ёғингарчилик сўнгги 50-60 йилда кузатилмагани, натижада йўллар абгор аҳволга келиб қолгани, бу эса фуқароларнинг эътирозига сабаб бўлаётганини таъкидлаган. Шунингдек, Ортиқхўжаев шаҳар прокурорига таъмирлаш ишларининг сифатини назорат қилиб, маблағлар бебилиска сарф бўлишига йўл қўймаслик ҳақида топшириқ берган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимияти ахборот хизмати

Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, таъмирлаш ишлари 14 апрелдан бошлаб юборилган. Жараён акс этган видео ва фотосуратлар устма-уст эълон қилиб турилибди. 15 апрель куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар билан бирга йўлларни таъмирлаш жараёнларини кўздан кечирган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимияти ахборот хизмати

Қайд этилишича, шаҳар ҳокимининг пойтахт аҳолисига мурожаатидан сўнг “Халқ назорати” портали орқали йўлларни таъмирлаш бўйича юборилган аризалар сони уч баробарга ошган. 13 ва 14 апрель кунларининг ўзидаёқ портал орқали 546 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 373 таси йўлларни таъмирлаш масаласига тегишли. Ҳозирча Яшнобод тумани ва Мирзо Улуғбек туманлари аҳолисидан энг кўп мурожаат тушган, энг кам мурожаатлар Янгиҳаёт, Сергели ва Бектемир туманларига тегишли.

Фото: KUN.UZ

Халқ назорати” портали орқали исталган фуқаро марказий кўчалардаги, шунингдек, маҳаллалар ва кўп хонадонли уйлар атрофидаги таъмирталаб йўллар, йўллардаги чуқурлар ва ўнқир-чўнқирлар, таъмирталаб аҳволга келиб қолган йўл қопламалари ҳақида хабар бериши мумкин.

Бундан ташқари, йўлни сув босган, светофор ишламаётган, йўл чизиқлари ўчиб кетган, йўл белгилари нотўғри ўрнатилган, кўчалардаги чироқлар ишламаётган ҳолатлар, йўллардаги бошқа носозликлар ҳамда ҳал қилиниши лозим бўлган шаҳар ҳокимлиги ваколатидаги бошқа кўплаб муаммолар ҳақида ҳам хабар бериш мумкин.

Портал орқали тузатилиши лозим бўлган қандайдир камчилик ҳақида хабар бериш учун рўйхатдан ўтиш талаб этилади. Бу жараён унчалик қийин эмас. “Рўйхатдан ўтиш” тугмасини босиб, телефон рақамингизни киритсангиз, сизга SMS орқали код юборилади.

Кодни киритганингиздан сўнг паспорт серияси ва рақамини, шунингдек, туғилган санангизни киритасиз. Шундан сўнг шахсингизга оид маълумотлар экранда пайдо бўлади, агар уларда хато бўлмаса, тасдиқлаб, кейинги ойнага ўтасиз.

Шундан сўнг яшаш манзилингиз ҳақидаги маълумотларни киритишингиз ва порталдан фойдаланиш учун парол танлашингиз керак бўлади. Парол сон ва ҳарфлар бирикмасидан иборат бўлиши керак. Фақатгина рақам ёки фақатгина ҳарфлардан иборат парол қабул қилинмайди. Ушбу талабларни бажаргач, фойдаланувчи қоидалари билан танишиб, танишганлигингизни тасдиқлашингиз зарур. Сўнгра “Рўйхатдан ўтиш” тугмасини босасиз ва энди бемалол портал имкониятларидан фойдаланаверасиз.

Тасвирга олиш жараёнида ўзимиз бевосита гувоҳ бўлган Чилонзор тумани 2-Қатортол кўчасидаги чуқурлар, йўл қопламасининг таъмирталаблиги акс этган суратларни портал орқали юборишга қарор қилдик. “Муаммони тасвирлаб беринг” деган жойга қисқагина изоҳ ёзилса кифоя. Чунки асосий маълумотни суратлар орқали билиб олиш мумкин.

Битта мурожаат бўйича бир нечта сурат юклаш мумкин. Фақат битта суратнинг ҳажми 10 мегабайтдан ошиб кетмаслиги керак. Суратларни юклаб бўлгач, кейинги босқичга ўтамиз.

Ушбу босқичда сиздан таъмирталаб йўлнинг манзили сўралади. Агар кўчанинг расмий номини билмасангиз, буни Яндекс-навигатор ёки Google-харита ёрдамида аниқлаш қийин эмас. Масъуллар ушбу жойни тезроқ топиб боришлари учун “Эслатма” номли қаторга ушбу кўчада жойлашган таниқлироқ объект, масалан, овқатланиш шохобчаси, бирор бир давлат идораси, мактаб ёки боғча ҳақидаги маълумотларни қўшиб қўйишингиз мумкин.

Агар бунга эринсангиз, онлайн харитада таъмирталаб кўчани белгилаб қўйиш имкони ҳам бор. “Хабарни юбориш” тугмасини босиш билан у шу заҳоти кўриб чиқиш учун қабул қилинади.

Фойдаланувчилар ўзлари юборган мурожаатлари бўйича ким масъул этиб белгилангани, муаммони ҳал қилиш бўйича нималар қилинаётгани ҳақида шахсий кабинет орқали хабардор бўлиб боришлари мумкин.

Бу ишларни фақат компьютердамас, телефон орқали ҳам бажара оласиз. Бунинг учун телефонингизга Халқ назорати мобил иловасини юклаб олсангиз кифоя. Қолган барчаси юқорида кўрсатилган тартибда бажарилади.

Бир қарашда бу ортиқча ғалвадай туюлиши, кўпчилик менга нима зарил бу ҳақда бош оғритиб, деб ўйлаши мумкин. Тўғри, аслида бу маҳаллий ҳокимликнинг, йўлларнинг созлигига масъул корхонанинг мажбурияти. Улар сизу биз хабар бермасак ҳам бу ишни қилишлари, шунингдек, давлат томонидан йўлларнинг қурилиши ва таъмирланиши ҳақида ҳар ойда ҳисобот бериб боришлари керак.

Ўша кунлар ҳам келиб қолар, ҳозирча эса текис ва равон йўлда юриш, кутилмаганда катта бир чуқурга тушиб, машинангиз таъмирталаб аҳволга келиб қолмаслиги тарафдори бўлсангиз, озгина вақтингизни дариғ тутмай, йўлларда ўзингиз кўрган-билган камчиликлар ҳақида хабар беринг. Ҳеч бўлмаса, бир ўзгаришга сабаб бўласиз.

Жамшид Ниёзов,
Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси:
Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид