Ўзбекистон | 15:41 / 27.04.2022
3397
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кучайтирилади

Ўтган йилнинг ўзида 39 мингдан ошиқ хотин-қиз зўравонликка учраган. Шу сабаб Сенатда хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш йўналишида ишловчи ишчи гуруҳ тузилди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенатида хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан ножўя хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш масалаларига бағишланган мажлис ўтказилди. Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигида ўтган йиғилишда мутасадди ташкилотлардан ташқари жамоатчилик фаоллари ҳам қатнашди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Мажлисда хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик ва  шилқимлик ҳолатлари ҳали ҳам учраб тургани, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи кўриб чиқилди.

Рақамларга кўра, 2021 йилда республика бўйича жами 39 343 нафар хотин-қиз тазйиқ ва зўравонликка учраган. Уларнинг 87,2 фоизи (34 330) оилада, 9 фоизи (3 557) кўчада, 2,3 фоизи (917) жамоат жойларида, 1,1 фоизи (427) иш жойида рўй берган.

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Бундан ташқари, 9861 нафар ёшлар ва 378 нафар вояга етмаганлар тазйиқ ва зўравонликка учраган.

Ушбу муаммолар билан ишлаш мақсадида Сенатда Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан номақбул ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш масалаларини ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳ тузилди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Ишчи гуруҳга ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш, халқаро тажрибани чуқур ўрганиш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифалари юклатилди. Бу вазифалар кейинчалик мамлакат парламенти томонидан кўриб чиқилиши қайд этилди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Бу йўналишда амалга ошириладиган ишларга нодавлат нотижорат ташкилотлар ва мустақил экспертлар ҳам ҳамкорликка таклиф этилади. Улар [email protected][email protected] манзилларига мурожаат қилишлари мумкин. 

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид